Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Аскарлар оналари билан учрашди
12:55 / 2026-01-11

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Жиззах гарнизонидаги “н” ҳарбий қисмда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Мазкур тадбир оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ҳамда “Аскар оналарини шарафлаймиз” номли учрашувни ўз ичига олди.

Журналистларга ҳарбий қисм тарихи, унинг ташкил этилиши ва миллий армиямизнинг бугунги ривожланиш босқичлари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Шундан сўнг, сафарбарлик чақирув резерви баталиони хизматчилари, уларнинг ота-оналари ҳарбий қисмда яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Тадбир иштирокчилари ҳарбий оркестр ижросида янграган Ватанни улуғловчи куй-қўшиқлар, фахрий қоровул бўлинмасининг намойишлари, қўл жанги элементлари асосидаги саҳна чиқишлари орқали ҳарбий хизматнинг шарафли ва масъулиятли эканини янада чуқур ҳис этишди. Қурол-аслаҳалар, фавқулодда вазиятларда қўлланиладиган замонавий техник воситалар билан танишув эса ёшларда ўзига хос қизиқиш уйғотди.

Шунингдек, иштирокчилар кутубхона, маънавият ва маърифат маркази, замонавий жиҳозланган ўқ отиш маркази, ўқув бинолари, спорт зали ҳамда дам олиш масканлари фаолияти билан танишиб, ҳарбий хизматчилар учун яратилган шарт-шароитларга юксак баҳо беришди.

Тантанали дийдорлашув маросими эса тадбирнинг энг таъсирли лаҳзаларидан бири бўлди. Ҳарбий оркестр садолари остида фарзандлари билан учрашган оналарнинг кўзларида севинч ёшлари, қалбларида эса фахр туйғулари жўш урди. 

– Бугунги кун мен учун унутилмас байрамга айланди, – дейди сафарбарлик чақирув резерви баталиони аскари Исфандиёр Сафаровнинг онаси, Пахтакор туманидан келган Раъно Сафарова. – Ўғлимни ҳарбий либосда, сафдошлари орасида мардона қадам ташлаб юрганини кўриб, она сифатида чексиз фахрландим. Хизмат шароитлари билан яқиндан танишиб, ўғлимнинг кўзида ўзига бўлган ишонч ва қатъиятни кўрдим.

Ёш аскарлар ҳам ўз мақсад ва орзулари билан ўртоқлашдилар.

[gallery-27059]

– Хизмат давомида ҳарбийликка бўлган қизиқишим янада ортди, – дейди Мирзачўл туманидан чақирилган оддий аскар Шоҳруҳ Акрамов. – Ота-онам билан маслаҳатлашиб, келажакда ҳарбий бўлишга қарор қилдим. Ватанимга сидқидилдан хизмат қилиш – мен учун энг олий бурч.

Пресс-тур якунида “Аскар оналарини шарафлаймиз” номли маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Марказий ҳарбий округ “н” ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Йўлдош Холиқов миллий армиямиз қудратини мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтди. У ҳарбий хизмат ҳар бир йигит учун юксак шон-шараф мактаби эканини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида хизматда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига гарнизон раҳбарияти томонидан ташаккурномалар топширилди. Ўзбекистон давлат филармонияси Жиззах вилояти бўлими санъаткорлари ижросидаги ватанпарварлик қўшиқлари эса тадбирга янада кўтаринки руҳ бағишлади.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари