Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ашраф Хўжаев: Эндокринология маркази учун Қатарда янги имконият эшиклари очилмоқда
15:08 / 2025-07-09

“Дипломатик ракурс” лойиҳасининг бугунги меҳмони Ўзбекистон Республикасининг Қатар давлатидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Хўжаев ЎзА мухбири билан суҳбатда соғлиқни сақлаш соҳасида биргаликда амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берди.

– Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 2023 йил 5-6 июнь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлганда, жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам олий даражада келишиб олинган эди.

Бу йўлдаги илк қадам сифатида ўтган йил Қатарнинг “Elegancia Healthcare” компанияси раҳбарияти билан музокара ўтказдик. Мулоқот чоғида ҳамкорлик истиқболи муҳокама қилинди. Ҳамкор томонга юртимиз соғлиқни сақлаш тизими, хусусан аҳоли саломатлигини яхшилаш, тиббиёт ходимлари салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш, тиббий хизмат кўлами ва сифатини яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот тақдим этилди.

Яқинда Академик Ёлқин Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази делегацияси Қатарга келди. Сафар дастури анъанавий масалалардан ташқари таълим, илм-фан каби кенг йўналишларни ҳам қамраб олди.

[gallery-24228]

Марказ директори, тиббиёт фанлари доктори Анвар Алимов бошчилигидаги делегация соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси доктор Солиҳ, “The View Hospital” раҳбарияти ҳамда Қатар университети вакиллари, хусусан интеграцион таълим бўлими директори доктор Банан Мукҳалалатий билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар давомида ноинфекцион касалликларнинг олдини олишда бирламчи тиббий бўғиннинг ўрни, аёллар саломатлиги, хусусан менопауза даври ва кейинги асоратнинг олдини олиш,  семизлик ва қандли диабет каби метаболик бузилиш ҳолатларини аниқлаш ва даволаш масалаларига алоҳида эъътибор қаратилди.

Учрашувда ўзаро илмий тадқиқот, мутахассислар ва таълим дастурлари алмашинуви истиқболи ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистонлик меҳмонлар икки етакчи тиббиёт муассасасида бўлди. Масалан, “The Cuban Hospital” кўп тармоқли клиникаси фавқулодда ва режалаштирилган тиббий ёрдам кўрсатади. Айниқса, инсультдан кейинги реабилитацияга алоҳида эътибор қаратилади. Бу йўналишда замонавий тиклаш усуллари ва жамоавий ёндашув муҳим аҳамият касб этади.

Al Beeb Hospital – Prime Health Cooperation Center” бирламчи тиббий ёрдам маркази эса уч босқичли хизмат кўрсатиш тизимида фаолият юритади. Муассасада асосий вазифани оилавий шифокорлар бажаради. Шунингдек, ҳар хил ёшдаги гуруҳлар, жумладан ҳомиладор аёллар ва кексалар учун давлат скрининг дастурлари амал қилади.

Республикамиз делегацияси сурункали касалликларнинг олдини олиш ва ҳолатни эрта аниқлаш бўйича илғор амалиётни ҳам ўзлаштиришди.

Минтақанинг аёллар ва болалар саломатлигига ихтисослашган етакчи тиббиёт марказларидан бири – “Sidra Medicine” клиникаси фаолияти билан танишиш жараёни ҳам вакилларимиз учун жуда фойдали бўлди. Хусусан эндокрин, репродуктив ва менопауза билан боғлиқ бузилиш ҳолатларини ўрганиш ва тажриба алмашишга ўзаро жиддий қизиқиш билдирилди.

Учрашувлар давомида шерикликнинг клиник билим алмашинуви, умумий ўқув тадбирлари ташкил этиш, қўшма лойиҳалар амалга оширишга тайёргарлик кўриш сингари устувор йўналишлари белгилаб олинди. Қўшма таълим ёки илмий-тадқиқот лойиҳаси ишлаб чиқиш бўйича дастлабки келишувга эришилди. Ўзбекистонда илғор технология ва диагностика услубини клиник амалиётга жорий этиш истиқболи муҳокама қилинди.

Бир сўз билан айтганда, мазкур ташриф аёллар ҳаёт сифатини яхшилаш йўлида илм-фан, ишонч ва барқарор ҳамкорликка асосланган янги босқични бошлаб беради.

“Hamad Medical Corporation”даги учрашув эса амалий муҳокама тарзида ўтди: клиник ҳолат таҳлили, беморни алоҳида кузатиш бўйича тажриба алмашиш ҳамда даволашга мультидисциплинар ёндашув мавзулари кўтарилди.

Мамлакатимиз делегацияси ушбу араб давлатида фаолият кўрсатадиган дунёдаги энг йирик тиббий симуляцион марказлардан бирига ҳам ташриф буюрди. Ушбу мажмуада таълим, технология ва клиник амалиёт ягона тизимда уйғунлаштирилган.

Ташриф якунида қўшма илмий тадқиқотолиб бориш, клиник маълумот алмашиш ҳамда Қатар тажрибаси асосида Ўзбекистонда менопауза марказлари ташкил этиш масалалари назарда тутилган Меморандум имзоланди.

Муҳаррама Пирматова ёзиб олди. ЎзА