Ҳашар куни олис қишлоқда “Ёшлар маркази” фойдаланишга топширилди
Умумхалқ хайрия ҳашарининг биринчи куни Жиззах вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири Бахмал туманида 5 та янги иншоот ишга туширилди.
Умумхалқ хайрия ҳашарининг биринчи куни Жиззах вилоятининг энг олис ҳудудларидан бири Бахмал туманида 5 та янги иншоот ишга туширилди.
Тумандаги Тонготар қишлоғида ҳашарнинг биринчи куни эрталабки юмушлар “Ёшлар маркази” очилиши билан бошланди.
Қишлоқ тадбиркори Зайниддин Улуғбеков томонидан барпо этилган икки қаватли замонавий бинонинг биринчи қаватида 6 та иш ўринли тикувчилик цехи, “Гўзаллик салони”, эркаклар сартарошхонаси, минимаркет, иккинчи қаватда “Ёшлар кафеси” фаолияти йўлга қўйилди. Марказда жами 10 киши иш билан таъминланди.
“Ёшлар маркази” нинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан қишлоқ фаоллари ёшларни мамлакатимизда халқимиз ҳаётини яхшилаш учун амалга оширилаётган катта ўзгаришларда фаол иштирок этишга, бугунги умумхалқ ҳашарида ғайрат кўрсатишга чақиришди.
Тадбирда кексаларнинг оқ фотиҳаси билан ҳамма умумхалқ ҳашарига – белгиланган жойлардаги ишларни бажаришга киришди.
Мустақиллик байрами олдидан ўтказилган умумхалқ ҳашарининг биринчи куни туманнинг бошқа жойларида ҳам шундай кўнгилли тадбирлар билан бошланди. Шу куни Ўсмат шаҳарчасида ёғочни қайта ишлаш цехи ва янги ошхона, Муғол, Камар қишлоқлари янги чойхоналар ишга туширилди. Бундан ташқари, туманда байрамгача иккита мактабгача таълим муассасаси, битта тикувчилик цехини фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Бугун ушбу иншоотлардаги ҳашарларда ҳам иш унумли бўлди.
Умумхалқ ҳашари вилоятнинг барча ҳудудларида ҳамюртларимизнинг юксак фаоллиги билан ўтмоқда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш вилоят кенгаши қошидаги ишчи гуруҳ маълумотига кўра, ҳашарнинг биринчи кунида 600 минг нафарга яқин киши қатнашаётир. Уларнинг 470 минг нафардан ортиғи ёшлардан иборат.
Ҳашар давом қишлоқ ва маҳаллаларда ободонлаштириш, ариқ-зовурлар тозалаш ишлари амалга оширилмоқда. 410 та зиёратгоҳ ва қабристон тартибга келтирилаётир.
Ҳашар кунларида вилоят бўйича 145 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг 7 минг квадрат метр ҳажмдаги турар-жойларини таъмирлаб бериш, улардан 119 нафарига моддий ёрдамлар кўрсатиш режалаштирилган.