Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёлик олима аёл
15:57 / 2020-09-30

Биз аёлнинг ўрни кўпроқ оилада, фарзандлар тарбиясида бўлиши керак, деган қарашга ўрганиб қолганмиз.



Биз аёлнинг ўрни кўпроқ оилада, фарзандлар тарбиясида бўлиши керак, деган қарашга ўрганиб қолганмиз. Лекин бугун жамиятимизда шундай аёллар борки, улар нафақат оилада, фарзандлар тарбиясида фаол, балки жамиятнинг муҳим бўғинларида меҳнат қилиб, юксак натижаларга эришмоқда.

Ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз – Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Ўзбекистон тарихи” кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор Юлдуз Эргашева.

Бугунги кунда ёш авлодга таълим-тарбия бериш жараёнида 35 йилдан буён фаол иштирок этиб келаётган қаҳрамонимиз юртимизнинг таниқли ва обрўли тарихчи олималаридан бири саналади.

Ю.Эргашева томонидан Ўзбекистон маданияти тарихи Ватанимиз тарихшунослигида илк маротаба принципиал янги назарий методологик асосда, ривожланиш тамойиллари ва муаммолари комплекс равишда таҳлил қилинган. Шунингдек, мустабид тузумнинг маданий соҳадаги сиёсатининг асл моҳияти очиб берилган, ўзгаришлар тоталитар тузум ва мустақиллик даври маънавий-маданий сиёсатларини ретроспектив-қиёсий таҳлиллари кўрсатиб ўтилган. У Ўзбекистон тарихи ва маданияти соҳасида 250 дан ортиқ илмий иш, шу жумладан, 4 та ўқув қўлланма, 5 та монография, 7 та рисола, 2 та маъруза матни, 17 та ўқув, ўқув-услубий қўлланма, кўрсатмалар, 19 та халқаро анжуман маърузаси ва 3 та грант (лойиҳа) муаллифи.

photo_2020-09-30_15-56-48.jpg

Олиманинг илмий мақолалари Хитой, Туркия, Германия, Россия, Болгария, Украина, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон илмий журналларида чоп этилган. Сўнгги уч йил ичида 2 та ўқув қўлланмаси, 3 та монография, 70 дан ортиқ илмий мақола, жумладан, 16 та мақоласи хорижий нашрларда чоп қилинган. Бундан ташқари, Форобий номли Қозоғистон Миллий университети профессори билан ҳамкорликда “Марказий Осиёнинг буюк диний алломалари” мавзуида ўқув қўлланма чоп эттирилиб, икки мамлакат ўқув жараёнида кенг фойдаланилмоқда.

– Юлдуз Эргашева ибратли оила бекаси, икки фарзанднинг онаси, фидойи, камтарин инсон, жонкуяр олима сифатида, устозлик ва илмий -ижодкорлик қобилияти билан вилоятимиз ҳамда республикамиз зиёлилари, институт жамоаси орасида алоҳида ҳурмат қозонган, – дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори О.Бозоров. – У вилоятимиздаги биринчи фан доктори, профессор аёлдир. Олима илмий-тадқиқот ишларини ўқув жараёнлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб боришга қаратган. Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Ҳар йили кафедрада унинг раҳбарлигида Ўзбекистон тарихининг муаммолари бўйича илмий конференциялар ўтказилади. Жумладан, 12 та республика илмий конференцияси, 1 та халқаро илмий семинар ҳамда 2 та минтақавий илмий семинар ташкил қилиб, 15 та илмий тўплам чоп эттиришга муваффақ бўлди.

2017 йил сентябрь ойида “Глобалистика-2017” халқаро конгресси доирасида ташкил этилган ЮНЕСКО мактабида ижтимоий фанлардан малака ошириб, сертификат билан тақдирланган. Бундан ташқари, унинг илмий раҳбарлигида 2008-2019 йилларда 7 та фан номзоди, 2 та магистр тайёрланди. 2018-2020 йилларда учта шогирди тарих фанларидан фалсафа доктори бўйича диссертация ҳимоя қилди. Ҳозирги вақтда олима раҳбарлиги остида 3 та тадқиқотчи фан доктори, 7 та фалсафа докторлик ва 1 та магистрлик диссертациялари тайёрланмоқда.

photo_2020-09-30_15-56-52.jpg

Юлдуз Эргашева талабаларга ўқитишнинг илғор педагогик технологияларини замон руҳи ва миллий истиқлол ғоялари билан уйғун ҳолда сабоқ беради. Ўқув жараёнини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари ҳамда етакчи олий ўқув юртлари билан ўзаро алоқалар асосида янгиликлар билан бойитишга ҳаракат қилади. У 2012 йилдан буён Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмаси вилоят бўлими раисидир.

– Бугунги кунда таълим тизимининг барча босқичлари қатори олий таълимда ҳам кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ю.Эргашева. – Жумладан, олий таълим муассасаларида аввало ўқитиш сифатига, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Олий таълим муассасалари сони 120 дан ошди. Ҳудудларда нуфузли ОТМларининг филиаллари ташкил этилаётгани, уларга битирувчилар қамрови йилдан-йилга ошириб борилаётгани Президент Мурожаатномасида таъкидланган вазифалар оғишмай босқичма-босқич амалиётга жорий этилаётганидан далолатдир. Олий таълимдан кейинги тизимда эса илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, илмий салоҳиятни ошириш масалаларига эътибор янада кучайтирилди. Кейинги йилларда турли фан йўналишлари бўйича фан докторлари ўз илмий-тадқиқот ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, мамлакатимиз илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшишмоқда. Ўзбекистонда Олий таълим тизимини ислоҳ қилишга доир махсус Концепция қабул қилиниб, 2030 йилгача соҳага доир ишлар самарадорлиги оширилмоқда. Амалга оширилаётган бу каби кенг кўламли саъй-ҳаракатлар яқин келажакда албатта ўзининг ижобий самарасини беради.

photo_2020-09-30_15-56-51.jpg

Таъкидлаш лозимки, қаҳрамонимиз халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати сифатида 2015 йилдан буён ҳозиргача фуқаролар мурожаатига мувофиқ тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови билан мурожаат қилиб, сайловчилар муаммоларини ҳал этишда ҳам амалий ёрдам бериб келмоқда. Жумладан, Қарши шаҳридаги Батош, Хонтепа, Буюк Турон, Парвоз, Темирйўлчи ҳамда Мағзон маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси, ҳарбий қисмлардаги сайловчилар муаммоларини ижобий ҳал қилишда жонбозлик қилмоқда. У халқ депутатлари вилоят Кенгашининг “Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари” бўйича доимий комиссияси раиси сифатида ҳам жойларда хотин-қизлар ва ёшларга оид масалаларни ҳал қилишда амалий кўмак бераётир.

Ю.Эргашеванинг хизматлари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, институт раҳбарияти, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан бир неча бор тақдирланган. 1999 йилда “Олий таълим аълочиси” кўкрак нишони, 2016 йилда "Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил", 2017 йилда "Ўзбекистон Конституциясига 25 йил" эсдалик нишонлари билан тақдирланган. Унинг фидокорона меҳнатлари ҳисобга олиниб, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида “Дўстлик” ордени билан мукофотланди.