Қашқадарёда рақамли технологиялар ўқув-маркази иш бошлади
Марказ фаолияти ёшларга ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Марказ фаолияти ёшларга ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Тадбиркорлик субъектлари, аҳоли учун ахборот технологиялари бўйича тайёрлов курсларини ташкил этиш, давлат органлари ходимларининг малакасини ошириш масалалари ҳам доимий эътиборда бўлади.
Мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун кенг шароит яратилган. Шу билан бирга ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишни ташкил этиш долзарб масала ҳисобланади. Ёшлар қанчалик маънавий баркамол бўлса, турли ёт иллатларга қарши иммунитети ҳам шунчалик кучли бўлади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳар ва туманлар марказларида рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этаётир. Марказларда электрон тижорат ва дастурлаш бепул ўргатилади, ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича инновацион кўникмалар берилади, “стартап” лойиҳаларига ёрдам кўрсатилади.
– Ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш масалалари ижобий қабул қилинмоқда, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Илҳом Алманов. – Ушбу ташаббуслардан бирининг ижроси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги зиммасига юкланган. Унга кўра, вазирликка рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш вазифаси юкланган. Бу каби марказларни 2021 йилга қадар босқичма-босқич вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида очиш белгиланган. Бундан ташқари, ушбу марказларни фаолият бошлаши эвазига кўплаб янги иш ўринлари ҳам яратилади.
Марказдаги ўқув курслари тайёрланувчиларнинг ёш тоифасига қараб тақсимланган. Масалан, 15-19 ёшлилар компьютердан самарали фойдаланиш, компьютер графикаси ва дизайн, дастурлашга кириш, робототехника, 16-19 ёшлилар компьютер графикаси ва дизайн, веб-дизайн асослари, дастурлаш тиллари, тизим ва тармоқни бошқариш, 20-25 ёшлилар IT-тадбиркорлик асослари ва лойиҳаларни бошқариш, веб иловалар яратиш, мобил иловалар яратиш, электрон тижорат йўналишлари бўйича таҳсил олади.