French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қашқадарёда қизилўнгач атрезияси бўлган чақалоқда жарроҳлик амалиёти ўтказилди
17:01 / 2019-11-15

Бундай ўзгаришлар юртимизда хотин-қизлар соғлиғини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар ўлимининг кескин камайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.


Мамлакатимиз вилоятларидаги болалар даволаш муассасаларида илгари мавжуд бўлмаган неонатал хирургия, каридиохирургия, инвазив хирургия, қизлар гинекологияси каби янги бўлимларда мураккаб даволаш амалиётлари ўтказилмоқда.

Бундай ўзгаришлар юртимизда хотин-қизлар соғлиғини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар ўлимининг кескин камайишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази режали жарроҳлик бўлимида муаммоли туғма ривожланиш нуқсони – қизилўнгач атрезияси бўлган чақалоқда жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Хўш, чақалоқларда қизилўнгач атрезияси нима ўзи? Бундай ҳолатда жарроҳлик амалиёти ўтказиш нимаси билан мураккаб?

2.jpg

3.jpg

– Одатда ҳомиланинг ривожланиш пайтида қизилўнгачнинг юқори қисми пастки қисмига ўсиб келиб, қўшилиб кетади, – дейди марказнинг режали жарроҳлик бўлими шифокори Шамс Жўраев. – Аммо айрим чақалоқлар қизилўнгач атрезияси билан туғилади. Бу нуқсонда қизилўнгачнинг юқори қисми пастки қизилўнгач оқмаси билан табиий тарзда туташмасдан, тўмтоқ бўлиб тугайди. Пастки қизилўнгач оқмаси эса нафас йўлига – трахеяга қўшилиб кетган бўлади. Бундай вазиятда болани озиқлантириш хавфли оқибатларга олиб келади. Яна бир хавфли асорати – сўлак қизилўнгачнинг тўмтоқ қисмида йиғилиб, сўнг ўпкага кетиб қолади. Ягона чора – қизилўнгачни жарроҳлик амалиёти орқали улашдир.

Республика Перинатал маркази қошидаги неонатал хирургия ўқув-даволаш методик марказида гастрошизис (боланинг ошқозон, ичак каби аъзолари ташқарида жойлашган бўлади), пастки ичак тутилиши, туғма лобар эмфизема (ўпканинг бир томони қисман ишламайди), гидронефроз (буйракда сув йиғилиши), аноректал аномалия сингари туғма хасталиклар қаторида туғма нуқсон – қизилўнгач атрезияси ҳам жарроҳлик йўли билан муваффақиятли даволанмоқда. Марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бу борада жуда катта тажрибага эга бўлган малакали мутахассис ҳисобланади.

4.jpg

5.jpg

Ёш шифокор Шамс Жўраев Бахтиёр Эргашев раҳбарлигида мазкур марказда қизилўнгач атрезияси бўйича малака ошириб қайтди.

Қаршида ўтказилган мазкур жарроҳлик амалиёти муваффақиятида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Ихтиёр Каримов, режали жарроҳлик бўлими бошлиғи Урал Норқобилов, бўлим шифокори Зиёдулла Эрқулов, кўкрак жарроҳлиги бўлими бошлиғи Ашраф Шодмонов, блок бошлиғи Баҳром Шукуров, анестезиолог Илҳом Холмуродовнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди.

Энг муҳим жиҳатлардан бири – шу пайтгача бундай нуқсонли болаларни операция қилиш фақат пойтахтда амалга оширилар эди. Вилоятда бундай амалиётнинг йўлга қўйилиши неонатал хирургия ривожида муҳим аҳамиятга эга.