Қашқадарёда гулхайри гули экспорт қилинмоқда
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида фаолият юритаётган “BBU – AZAMAT” хусусий корхонаси раҳбари Азамат Чориев янги ташаббусни илгари суриб, гулхайри етиштиришни йўлга қўйди.
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида фаолият юритаётган “BBU – AZAMAT” хусусий корхонаси раҳбари Азамат Чориев янги ташаббусни илгари суриб, гулхайри етиштиришни йўлга қўйди.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, ушбу ўсимликнинг қуритилган гули доривор ҳисобланади ва кўплаб дори воситаларини тайёрлаш учун хомашё вазифасини бажаради. Европа мамлакатларининг фармацевтика саноатида бундай хомашёга эҳтиёж катта.
Дастлаб корхона тасарруфидаги майдонда гулхайри ўсимлигини етиштириш билан фаолият бошлаган корхона аъзолари эндиликда қамровни янада кенгайтиришни мўлжалламоқда. Бунинг учун ҳудуддаги томорқа ер эгаларини ҳам ҳамкорликка чақирмоқда. Боиси оддий томорқа шароитда уни етиштириш имкони бор.
– Ўсимлик гули кунига икки маротаба – эрталаб ва кечки салқинда териб олиниб, сўнг соя жойда бир неча кун давомида қуритилади, – дейди Азамат Чориев. – Томорқа эгалари ўсимлик қуриб, тайёр ҳолга келгач, бизни чақиради. Хом ашё сифатига қараб, унинг ҳар килосини 60-70 минг сўмдан сотиб олаяпмиз. Бир сотих жойдан ўртача 100 кило доривор хом ашё олиш мумкин. Бу 7 миллион сўм пул дегани. Тўрт, беш сотих жойга гулхайри экиб, йигирма беш, ўттиз миллионлаб даромад олаётган оилалар бор. Табиий шароитда, иссиқ қуёш тафтида етиштирилган доривор гиёҳнинг сифати хорижлик ҳамкорларимизга маъқул келмоқда.