Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
АСЕАН давлатлари қўшма декларация қабул қилди
13:58 / 2024-10-11

Глобал ва минтақавий муаммолар кучайиши асносида Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН)га аъзо мамлакатлар ҳам ўзаро боғлиқликни чуқурлаштиришга интилаётгани табиий. Хусусан, ушбу минтақавий тузилманинг Лаос пойтахти Вьентьян шаҳрида ўтказилган навбатдаги саммитида қабул қилинган қўшма декларацияда Ҳинд-Тинч океани (Осиё-Тинч океани) минтақасида АСЕАНга йўналтирилган минтақавий архитектурани мустаҳкамлашга умумий содиқлик ифодаланган.

Ҳужжатда, жумладан, шундай дейилган:

– АСЕАН механизми асосида ривожланаётган минтақавий архитектурани шакллантириш, тузилмани бошқариш, шунингдек геосиёсий ва геостратегик силжишларга муносабат билдириш зарурати тобора долзарб тус олмоқда. Шу боис Жануби-Шарқий Осиё халқлари, хусусан янада кенгроқ ҳудуд – Осиё-Тинч океани ёки Ҳинд-Тинч океани минтақаси учун тинчлик, хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликни бузиш эмас, балки мустаҳкамлашда давом этишни таъминлаш бўйича якдил қарор қабул қилинди. АСЕАН давлатлари келажакка тайёр минтақада мулоқот ва ҳамкорлик маданиятини таъминлаш орқали халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлайдиган очиқ, шаффоф, барқарор, инклюзив ва қоидаларга асосланган архитектура яратиш мажбуриятини олади.

Минтақавий блок раҳбарлари томонидан АСЕАНнинг марказий ролини кучайтириш ва мавжуд механизмлар – АСЕАН+1, АСЕАН+3, Шарқий Осиё саммити, АСЕАН минтақавий хавфсизлик форуми орқали стратегик ишончни мустаҳкамлаш ва муваффақиятлар йўлида ҳамкорлик ўрнатиш учун стратегик муҳокамалар олиб борилиши таъкидланган.

Минтақавий халқаро тузилма – АСЕАН таркибига Таиланд, Малайзия, Сингапур, Бруней, Индонезия, Филиппин, Вьетнам, Лаос, Камбожа ва Мьянма кирган. Лаос 2024 йил учун раислик вазифасини бажармоқда.

Саммит доирасида кечган қатор учрашувлар якунида 2025 йил раислик мақоми Малайзияга ўтиши маълум қилинди.

С.Раҳимов, ЎзА