Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асарлари ҳам кўнглидай бeғубор
07:32 / 2024-02-25

Таниқли ёзувчи Собир Ўнар 60 ёшга тўлди.

Ҳа, у ҳаёт бўлганида шу йилнинг 25 февралида 60 ёшга тўлар, ўзи юбилейини ўтказишни хоҳламаса ҳам адабий жамоатчилик ва минглаб китобхонларнинг қистови билан қутлуғ санани ёзувчилар уюшмасининг тантаналар залида нишонлаётган бўлур эдик. Дўстлари, атоқли олимлару шоир ва адиблар у ҳақда мақтов сўзларни ёғдиришарди.

Афсуски, бевақт ўлим уни 2022 йилнинг 18 декабрида орамиздан олиб кетди. Мана, орадан бир йилдан ошиқ вақт ўтди. Унинг ўнлаб асарлари-эсселари, қисса ва ҳикояларини яна бир карра варақлар эканман, адибнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақиқатан ҳам кўп ижодкорлар ҳавас қилса арзийдиган даражада самарали бўлганлигини яна бир карра ҳис этдим..

Собир Ўнар 1964 йилнинг 25 февралида Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Қувкалла қишлоғида туғилган.1981-1986 йилларда Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетида ўқиди. У дастлаб фаолиятини “Ёшлик” журналидан бошлаган. Муҳаррир, бош муҳаррир ўринбосари сифатида тинимсиз меҳнат қилди .1993-2015 йилларда эса шу журнал бош муҳаррири вазифасини адо этди. У раҳбарлик қилган йилларда журналнинг тиражи анча ошиб кетди. Сўнгра “Куч-адолатда” газетаси таҳририятида, Ғафур Ғулом номли ва ёшлар нашриётида хизмат қилди. 2020 йилдан бошлаб умрининг сўнгги кунларигача Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг наср бўлимида ишлади. Ёш ижодкорлар учун мўлжалланган давлат мукофотига сазовор бўлган. ”Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.

“Чўлпон” нашриётида нашр этилган “Орзуга тўла қишлоқ” ҳикоялар тўпламини ҳамон кутубхонамда сақлаб келяпман. У илк кичик асарлари биланоқ китобхонларнинг меҳрини қозонган эди.

Таниқли адиб ўнлаб китоблар муаллифи сифатида мухлисларда катта таассурот қолдирди.”Овлоқ адирлар бағрида”, “Чамбилбелнинг ойдаласи”, “Кунсулувнинг сирли хатлари”, “Фаришта”, “Бибисора”, “Олдинда ёнган маёқ” каби китобларидан минглаб ўқувчилар завқ олмоқдалар.

Собир Ўнар ўзбек насрини юқори поғонага олиб чиқишда фидойилик кўрсатган адиблардан бири эди. Унинг ўнлаб бадиий жиҳатдан пишиқ ҳикоялари, китобхонлар қалбидан жой олган қиссалари кутубхоналарни безаб турибди. Уларни бугунги ёшу қари-китоб мухлислари мароқ билан ўқишяпти, ёзувчининг маҳоратига тан беришмоқда. 

Минглаб ўқувчиларнинг севимли адиби Собир Ўнарнинг китобларини анча вақтдан буён ўқиб келяпман. Унинг Василий Шукшин, Василий Белов сингари адибларга ўхшаб қишлоқ ҳаётини табиий тасвирлаши лол қолдиради. Одамларнинг содда, тўпорилиги, сами­мийлиги кўпчилик ҳикояларида шундоққина муҳрланиб қолгандек. Истеъдодли ижодкорнинг “Ака-укалар” асарини мутолаа қилганда Нурота, Қўш­работ туманларидаги тоғ қишлоқлари одамлари билан гурунглашгандай, улар билан бақамти туриб қишлоқчасига ҳангома қилгандай бўласиз. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов бекорга унинг таърифини қиёмига етказмаган: “Собир Ўнарни бирор ўн беш йилдан буён таниганим, китоблари, матбуотдаги қисса, ҳикоя ва қатор мақолаларини ўқиганим ҳолда айта оламанки, у соф ўзбекча ёза олади. Фикрлаши ҳам халқона. Ўйлайманки, буям бир баҳо” 

“Ака-укалар” ҳикоясидаги Олмос ва Норбўта полвонлар сизга ёқиб қолади. Улардаги самимият бир зумда кўнглингизга илиқ нур олиб киради. Қорабош аканикига тўйга бориш воқеаси сизни қишлоқ одамларининг ўзигагина хос ҳаёти билан ошно қилади. Муаллиф воқеаларни бўямасдан, бежамасдан кўрганларини қизиқарли тарзда тасвир (баён эмас) этаверади. Тўйга, меҳмондорчиликка борган кишиларнинг ҳолати, шундай тасвирланади: “Яна бир муддатдан сўнг бир тақсимчада тош конфет ва бир тақсимчада, чамаси бултурги ҳайитдан қолиб кетган парварда келди. Бошқа ҳеч нарса келмади. Чавандозлар бирор ёғлироқ овқат еб қорин тўйғазиш қайғусида … Ҳайбаракаллачи Кўмак ака иккимиз тўйда эски ошналар билан мириқиб улфатчилик қилиш иштиёқида эдик. Додимиз Худога етмади чоғи, қамоққа тушган тўрт ўғлондай ўтиравердик”. Қишлоқдаги саргузаштлар шу тарзда ҳикоя қилиб борилаверади.

Собир Ўнарнинг илк асарларини мароқ билан ўқиганингизга шубҳа қилмаса бўлади. У ижодининг дастлабки йилларидаёқ инсонни, унинг ҳаётини бўй-басти билан тасвир этишга жазм этган. Адиб қишлоқ одамларининг тўпори характерини ўз истеъдоди даражасида акс эттира олганидан кўнглингиз тоғдек кўтарилади. Унинг “Тарвуз” ҳикоясини ўқиганда худди Қўшработ туманидаги Қувкалла қишлоғининг содда ва беғубор қалбли одамлари билан самимий суҳбатлашаётгандек бўласиз гўё. Қаранг, персонажлар исмлари ўзига хос: Омондавлат, Худойқул. Уларнинг гап-сўзлари, қаҳрамонлар ўртасидаги диалог ҳам характерини, аслида қандай кишилар эканлигини билиб-билмай фош этиб қўяди: “Худойқул аввал кесакдан ўт чиққан янглиғ унга таажжубланиб қаради, кейин ичи ёришгандай янгироғидан оласанми ё деган маънода сўради.

– Қанчалигидан мўлжаллаяпсан?

– Миллион бўлмайдими, – деб қўл силтади Омондавлат.

– Оҳо, молодец, қўймайсан, – деди ўртоғи зўраки тантанавор оҳангда. 

Кейин ўзи пули борми-йўқлигига қизиқди.

– Буғдой бор, жўра. Ҳозир арзон. Қишда кўтари­лади нарх. Ўшанда уриб юбораман. Гап борда, билдинг.

– Билдик-билдик. Демак бир миллионга сотасан?"

Диалоглар шу йўсинда давом этаверади, қишлоқликларнинг гурунгига қизиқаётганингизни сезмай қоласиз…Ҳикоя қаҳрамонларининг тили табиийлиги сизни лол қолдиради.

Биласиз, адабий асарда мавзу асосий роль ўйна­майди. Ижодкор маҳорати зиёси худди қуёш нури каби ҳар қандай мавзуни ёрқинлаштириб, киши хаёлига келмаган жиҳатларни ёритиб юборади. Истеъдодли адиб Собир Ўнарнинг: “Инқилоб кечаси” қиссасини ўқиганда хаёлингиздан шу фикрлар ўтади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, олис талабалик йилларининг алғов-далғовли, баъзан ҳаяжонли, гоҳида оғир кунлари хусусида асар яратган ёзувчи озми?

Буни қарангки, “Инқилоб кечаси”ни ўқишингиз биланоқ хаёлингизга саргузаштларга тўла талабалик йилларингиз кела бошлайди. Ўша навқиронлик давридаги ҳодисалар жонланади. Энг асосийси, Собир Ўнар айрим ёзувчилар каби талабалик хотираларини зўрма-зўраки, узундан-узоқ тасвирларга, қаҳрамонлар қиёфаси чизилган зерикарли эпизодларга рўбарў қилмайди сизни. Аксинча, худди укангиз ёки акангиз сингари оддий, кўча чангитиб юрган қишлоқи йигитча сингари тафсилотларни (шеваларни ҳам ёддан чиқармасдан) қизиқарли ҳикоя қила бошлайди.

Бир куни эл суйган адиб Собир Ўнар билан адабий суҳбат тайёрлашга келишиб олгандик. Мен атайин даврнинг оғриқли муаммолари ҳақида нозик саволларни ёзиб чиқдим. Аммо Собир Ўнар сира тап тортмасдан деярли барча саволларга батафсил жавоб қайтарди. ”Негадир бирорта романингиз нашр қилинмаган…Сиздек истеъдодли адиб дунёнинг барча ижтимоий, маиший ташвишу ваҳималаридан қўл силтаб, буткул ижодий машғулотга шўнғиб кетолмаётганига афсус чекаман. Ўзингиз нима деб ўйлайсиз?" дея савол бергандим. У шундай жавоб қайтарди: ”Мезон қисса ё роман ёзиш бўлмаслиги керак, чамаси. Одам ўзини бағишлаб, кучи, илҳомини аямай ёзиши, юзакиликка берилмаслиги лозим. Нуқтаи назарим, принципим шу. Аммо эпик кўлам билан ижод қилганларга очиғи, ҳавасим келади. Толстой, Шолохов, Қодирий,Одил Ёқубовни олинг. Қанча чигал тақдир, замон, макондаги мураккабликлар, ёзувчининг айни ўша қисматлардан ҳам устун келиб баён этиши... Бу-кучлилик белгисидир. Романга ҳавасманд бўлганимга ўн беш йилдан ошди, дейлик, шу йиллар давомида қайсидир маънода унга уннаб ётаман, баъзан ҳафсаласизлик, ялқовлик устун келади, гоҳо ўтириб, чинакамига “чечилиб” ёзишга юмуш халақит қилади, умуман, баҳона кўп. Шукур акага ўхшаб “Ҳайт!" дея ҳамма нарсадан воз кечиб, узлатга кетиш, асли-жасорат." Ўзи, ижоди хусусида юқоридаги каби мардона туриб рост сўзлай олиш ҳар қандай адибнинг ҳам қўлидан келавермайди.

Таниқли ёзувчи Собир Ўнар ана шундай фидойи, талантли, асарлари каби севимли, дили пок, кўнгли очиқ ва ажойиб фазилатларга эга ёзувчи эди.

Жовли Хушбоқов, ЎзА