Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Асарлар зўрми-зўрмасми, деявериб чарчадик, адабиёт нима бўлса ҳам яшамоқда" – Исажон Султон
16:44 / 2022-01-17

Адабий тадқиқотчилардан бири Исажон Султон асарлари ҳақида гапириб: "Озод" романи бадиий-ифодавий жиҳатдан ҳам Шарқ адабиётибилан туташади. Зеро, асар сюжети Фаридиддин Атторнинг "Мантиқут-тайр", Алишер Навоийнинг "Лисонут-тайр" асарларидаги сюжетга моҳиятан яқин туради. "Мантиқут-тайр" асарида Семурғни излаб йўлга отланган қушлар етти водийни босиб ўтадилар.

Бу водийлар тасаввуфдаги Ҳақиқатга элтувчи етти босқичнинг рамзидир", деган фикрни билдирган эди. Адабий жараёнлар ва ижодий масалалар юзасидан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон билан суҳбатлашдик.

– "Озод" романини ёзаётганингизда, сюжетлари ҳақида ўйлаганмисиз ёки тадқиқотчининг юқоридаги фикрини шахсий қарашлари деб қабул қиласизми?

– Тадқиқотчи айтган мумтоз асарлар жуда юксак, минг йиллар мобайнида бир неча кишигагина муяссар бўлган адабиёт намуналари ҳисобланади. Улар бир қанча ўзига хос билимларни мужассам этади. Чунончи, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тарих кабиларни мукаммал эгалламай туриб, ундай асар ёзиш мумкин эмас.

«Озод» романи эса бугунги кунда вояга етаётган йигитчанинг ўзини англаб етиш йўлидаги саёҳати ҳақида. Соддароқ қилиб айтсак, бир ўзбек боласи тахминан мана шундай вояга етади. Элнинг анъаналари, урф-одатлари, тушунчалари, тарихи ҳамда маънавий хазиналаридан шу тариқа баҳра олади. Ота-она, дўсту ёр ким, ўз ҳолича хулоса чиқаради.

– Асарларингизни ўқиб, шуни кузатиш мумкинки, уларда мифологик, диний, тарихий қарашлар бир бутунликда замонавийликни ифодалайди. Айниқса, "Тошкелинчак", "Манзил", "Митти пуштиранг махлуқча", "Юсуф ва Зулайҳо", "Ёғоч ковуш", "Биби Салима", "Қорақуш юлдузининг сири" каби асарларида бу ҳолатларни яққол кузатиш мумкин.

– Бугунги кун кишисининг ички дунёсига назар солсак, сиз айтган ҳодисани кўрамиз. Инсон ўзи билан тарихни, бугунни ҳамда келажакни олиб юради. Ҳақиқатан ҳам, бугун кун кечираётган бир киши ким? 

Бу ўзи дунёга келган вақтидан бошлаб шу кунигача бўлган воқеаларни ҳамда ота-онаси, ёши улуғлар сўзлаб берган тарихларни биладиган, жамият ҳодисаларига шоҳид бўлган, ижтимоий вазиятларнинг гувоҳи бўлаётган инсон. Бироқ, унинг дунёқараши шу билангина чегаралaниб қолмайди. У ўзи билим олган манбаларига қараб Одам Ато яралганидан тортиб жаҳон урушларигача, Ойни забт этган технологиялардан тортиб айтайлик, яна аллақанча ишлардан хабардор киши ҳамда буларнинг барига унинг ўз шахсий муносабати бор. Баъзиларига тўғридан-тўғри, баъзиларига мажозий муносабат билдиради. Шу сабабли, сиз тилга олиб ўтган ҳикояларни бугунги кун кишилари дунёқарашининг айрим жиҳатлари, деса бўлади.

Ҳикоятларсиз бирор халқ яшай олмайди. Яъни, ёзма адабиётдан ташқари, оғзаки, жамоа адабиёти ҳам бор, у халқ билан бирга тилдан-тилга ўтиб, сайқалланиб, шу билан бирга, ўзгариб намоён бўлаверади.

Турли-туман манфаатлар қоришиб кетган маконда киши қалби бебаҳо гавҳарнинг ўзгинаси. Шундай хулосаларга дуч келасизки, ақлингиз шошади. Сиз тилга олган асарлар ҳам шундай – бири уч минг йиллик тарихдан ҳикоя қилса, бири айни замонда ёнгинамизда яшаётган киши ишонч-эътиқодидан баҳс этади.

– Асарларингиз бир қатор чет ва қардош халқлар тилларига таржима қилинди. Бу албатта, ижодкор учун, у мансуб бўлган халқ адабиётининг тарғиботи учун ҳам ижобий ҳодиса саналади. Бу таржималар сизнинг ижодий фаолиятингизда қанчалик аҳамиятга эга. Таржималардан қониқдингизми?

– Мен фақат ўзим билган тиллардаги таржималар ҳақида фикр билдира оламан, лекин, бунинг ҳам ўзига хос қийинчиликлари бор, албатта. Мисол учун, филология фанлари доктори Маъруфжон Йўлдошев ҳамда Ҳусайн Оқбош ҳикояларимни турк тилига ўгириш жараёнида бир қушчанинг туркча номини узоқ излаганига гувоҳман. Инглиз тилидагиси ҳам шундай. Таржимон Кристофер Форт билан интернет орқали биргалашиб ишладик. Қарангки, таржимон атай АҚШ ҳарбий ҳаво кучларида учувчи бўлиб ишлаган бир кишини топиб, асарда учувчилар орасида бўлиб ўтадиган радиоалоқа бобини кўрсатиб, романдаги ҳарбий учувчиларнинг ўзаро сўзлашувлари ҳақиқатга қанчалар тўғри келишини ёки "Ҳаво-ер" русумли ракеталарни қайси тур ҳарбий учоқларга осиш мумкинлигигача суриштирди. Шу боисдан инглизчасини ҳам қониқарли дея оламан, бироқ, айтайлик, немис тилидагисини баҳолай олмайман, сабаби, у тилни билмайман.

– "Боқий дарбадар" асарингиз ҳам инглиз тилида чоп этилибди...

– Роман АҚШда 1980 йилдан буён фаолият юритиб келаётган “MazdaPublishers" нашриётида чоп этилди ҳамда “Amazon" халқаро савдо майдончасида тақдим қилинди. Унга Огаё университети тадқиқотчиси Морган Лю таржимон ҳамда ўзим кириш сўзи ёзганман.

– Бугунги ўзбек насридаги ўзгаришларни қандай баҳолайсиз?

– Аввало, баҳолаш деган гап бизнинг чекимизда эмас. Бунинг учун мана – ман, деган забардаст олимларимиз, устозларимиз, қолаверса, халқ бор. Баҳони шулар беради.

Аммо бир қанча жузъий мулоҳазаларни айтиб ўтсам, айб бўлмас. Адабиётда ўзгаришлар муттасил рўй бериб турибди. Ўзбек насри суст, деб баҳолайдиганлар бор. Бизлар оламшумул муваффақиятларга кўникиб қолдик. Асарлар зўрми-зўрмасми, деявериб ўзимиз ҳам чарчаб кетдик. Асарни бундай баҳолаш маркетингнинг иши, уни зўр деб ўша мақтаб сотиши керак.

Адабиёт эса, нима бўлса бўлсин, яшамоқда. Кўп ҳолларда барибир бағрикенгроқ бўлавериш керак деб ўйлайман. Бугун яратилаётган асарлар, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, бугунги кун кишисининг дарду изтиробини, унга куч-қувват бағишлаб турган қадриятларни, ўй-ишончини акс эттирмоқда. Яъни бадиий тарих яратилмоқда.

Адабиётшунослигимиз ҳам шундан қувват олмоқда. У кечаги адабиётшуносликдан кескин фарқ қилади. Энди у жамият фанлари, тарих, фалсафа, жамиятларнинг қалқиниш ва таназзули қонуниятларига ҳам мурожаат қилиши зарур бўлиб қолмоқда. Чунки эртани қўятуринг, бугун ёзилаётган асарларнинг ўзиёқ ҳудуд ва энергия талашиб содир бўлаётган урушлардан тортиб то сўнгги технологияларгача хабардор замон одамини тасвирлар экан, истаса-истамаса, шуларга мурожаат қилмоқда.

Бу худди улкан муҳташам бинонинг барпо бўлишига ўхшайди. Унинг безаклари, анжомлари, юзлаб минглаб "ғиштлари" асарлар десак, манзара анча ойдинлашади. Шу сабабдан адабий асар қомус ҳамдир, бугуннинг асарларига қараб кишиларнинг ўй-хаёлларини билиб олишади.

Адабий жараённинг билинар-билинмас, ғоят нозик жиҳатлари бор. Мисол учун, анча йиллар давомида ўзбек кишиси қишлоқларда тирикчилик қилиб юрган жуда оддий, тоза қалбли кишиларни кўрсатиб келди. Адабий тафаккур ўша кишини қаҳрамон қилиб танлар экан, беихтиёр адиб тафаккурига ҳам назар солишга тўғри келади: истеъдод деб аталган у бунёдкор қудрат нима учун бу йўлни танлади экан?

Ижтимоийлик деган муттасил ўзгариб турадиган ҳодисаларга маҳлиё бўлмасдан, муттасил изланиш керак, деб ўйлайман. Чунки ижтимоийлик бугуннинг ижодкорини илҳом деган ажойиб неъматдан айириб қўяди. Ваҳоланки, у шундай олий неъмат эдики, материянинг янги турини яратаётган олимни ҳам, қора туйнук сирига етиб бориш арафасидаги астрономни ҳам бирдай тўлқинлантириб, қувват берарди. У ўз тасаввури, билимлари ҳамда туйғулари маҳсули бўлмиш асар яратиш шавқидан мосуво, сохта манзаралар яратишга мажбур бўлиб қолади. Оригиналлик йўқолади.

Яна асар тилига зўр эътибор қаратмаса бўлмайди. Фикрни ифода қилиш учун одам ҳеч бўлмаса ўз тилини пухта билиши керак. Афсуски, кейинги ўттиз йил ичида тилни чала-чулпа биладиганлар авлоди етишиб чиқа бошлади. Уларниям тушунса бўлар, ахир, ҳамманинг бошида тирикчилик қиличи осилиб турди. Адабиёт истаса-истамаса, дунё адабиётидану ўз зилолларидан баравар сув ичади. 

Дунё адабиёти янги ифода усулларини ўрганиш борасида катта аҳамиятга эга, миллий ўзак эса маълум. У поёнсиз билимларни эгаллагачгина замонавий асар ёзиш мумкин. Билимсиз бир жойга бориб бўлармиди?

Булар менинг ўз хулосаларим. Адабиётда ҳам шу жараён ҳукмрон. Истеъдодлар ярқираб туғилмоқда ҳамда унга бениҳоя улкан билим лозим бўлгани ҳолда, не қиларини билмай ҳайрон туришибди.

– Ҳикояларингизда асардан-асарга кўчиб юрувчи бир образ бор. Бу – ота образи. Тўғри, она сиймосига ҳам кўп мурожаат қиласиз. Аммо отага англаб бўлмас даражада меҳр қўйгансиз.

– Шуни айтиш керакки бизнинг ўзбек отаси – анчагина мавҳум, махфий, билинмаган шахсият. Ҳис-туйғулари, орзу-армонлари зиддиятларини ҳар доим ҳам билавермаймиз. Айрим ҳоллардагина уларни ўз жуфти ҳалоли билан бўлишади, бўлмаса уям йўқ. Бир рўзғорни оёққа қўйиб олгунча не тоғларни кемирганини-ю не сувларни симирганини ўзидан бўлак биров билмайди. Билинмаган шахсият бўлиб дунёдан ўтиб кетавериш яхшими-ёмонми? 

Ота қалбига бир қулоқ солинг-чи. Юлдуз милтираган тунларда кечиккан боласининг йўлига кўз тикиб ўтирган ота ўйидан нелар кечар экан? Яширин у гавҳарга назар ташласак, чўнг, залворли, тадбирли ота ўрнида бутунлай бошқа кишини ҳам кўришимиз мумкин. "Аслида ўзим бир тоғ эдим, – дейди у. – Шамоллар, бўронлар, қор-ёмғирлар-у чақмоқларда тилиниб кетган, тобора уваланиб бораётган бир тоғ... Болаларимга заҳмат етмасин, дея ҳар нега рози бўлардимда».

Бизда ота – ижтимоий фаол шахс, она эса ҳар доим мушфиқ меҳрибон, уй ичкарисида. Даврларга қараб ота қиёфаси ўзгариб турган. Мисол учун, уйғониш йилларидаги ота билан ўтган асрнинг 50 йилларидаги отани солиштириб кўринг. 

Бугуннинг отаси-чи? Энг биринчи бўлиб турмуш зарбасига дуч келадиган ҳам шу, менга не бўлса бўлсин, боламга заҳмат етмасин, деб ўзини ўтга-чўққа урадиган ҳам шу... 

Ўйлайманки, бу образга авлодлар алмашгани сайин янада аниқроқ мурожаат қилинаверади, ҳар даврнинг ўз образи яратилаверади.

Бизнинг халқнинг ғоят ўзига хос бир жиҳати бор, бу ота-онага эҳтиромдир. У шунчалар қувватлики, фахрланиб кетасиз. Мисол учун, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг олти юздан ошиқ аъзоси бор, барчасининг ижодида онага бағишланган ҳеч бўлмаса, битта асар топасиз. Шундай маҳалларда мен ўз отамни эслаб кетаман. Етти фарзандни улғайтирар экан, етти бўлакка бўлиниб кетган у муҳтарам зот билан жуда гаплашгим келса-да, афсуски, ҳеч иложим йўқ. Ота ҳақидаги ўй-хаёлларни асарга кўчиришдан бошқа илож қолмайди.

Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор: айни ҳамонда ўзимиз ҳам мана шу муборак рутбадамиз, ўғил-қизларимиз эса бўлғуси ота-оналардир. "Ота сўзи – ўқ", дейдилар. Тегса, куйдириб юборади. Қаранг, қандай ажойиб қилиб таъриф этилибди.

– Тарихий асарларга ҳам қўл урдингиз...

– Эҳ-ҳе, биз қанақа шон-шарафга бурканган халқ эканимизни ўзимиз билавермаймиз. Бир қанча минг йиллар аввал Олтойга, ҳозирги Чин ҳудудларига, ундан Европага кишилар шу ҳудудлардан йўлга чиқишган. Адибларимиздан, тарихчиларимиздан ўтинган бўлардимки, адабий тарих ёзилишига ҳам ҳисса қўшсалар. Қаҳрамонларимиз ҳам, мутафаккирларимиз ҳам ҳавас қиладиган даражада кўп ҳамда фахрли. Қайси даврга оид бўлса бўлсин, кишиларни илҳомлантирадиган, келажакка йўллайдиган қудрат не эканини кўрсатадиган асарлар қанча кўп ёзилса, шунча яхши.

Ўрхун-Энасой ёзувларига қизиқмаган зиёли бўлмаса керак. Бир куни унинг туркча ва ўзбекча табдилини солиштириб ўзимча ўқиб ўтирганимда, у тил туркчадан кўра бизга яқинроқ экани, кўплаб сўзлар, "қилдимиз", "кўрдимиз", "эттимиз" деган феъллар эса айрим шеваларимизда бугун ҳам борлиги диққатни жалб қилди. Шунда айниқса ёшларимиз учун ўқилиши енгил, араб ва форс сўзлари аралашмаган, тоза туркий тильдаги бир асар яратиш фикри туғилди. Бунинг учун олимларимиз, филология фанлари доктори, профессор Қосимжон Содиқовдан ҳамда филология фанлари доктори Қудратилла Омоновдан миннатдорман, туркологиянинг бу икки забардаст мутахассиси ёрдамларини сира аяшмади. Натижада "Билга Хоқон" асари бунёдга келди.

– "Биби Робия қиссаси"чи?

– Бу ҳам ўз тарихимиз. Кунимиздан минг йил аввал Балхда яшаган "Зайнул-араб", яъни "Араб зийнати" деб ном олган исёнкор шоира Робия Балхий ҳамда туркий қавмлардан бирининг ўғлони Бектош муҳаббати Фаридуддин Атторнинг, Абдураҳмон Жомийнинг ҳамда Алишер Навоийнинг эътиборини тортган сиймолардан ҳисобланади. Асар яратиш кўпнинг ишими, деб ўйлаб қоласиз баъзан. Форсий ғазал таржимаси жуда мушкул иш, ушбу асарда қўлланилган ғазаллардан баъзиларини бетакрор шоирамиз Нодира Афоқова таржима қилиб берган бўлса, ўрни келганида Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Самандар Воҳидов таржималаридан ҳам фойдаланилди.

Қисқаси, Робиянинг ўзи каби ўтли, умри каби қисқа бир асар бунёдга келди. «Жаҳон адабиёти» журналимизда босилиб чиқди.

Тарих ҳақида сўз кетганида шуни таъкидлаш зарур: айни замонда янги тарих ҳам яратилмоқда. Бениҳоя куч-қудратга тўлган замонавий дунёда ўзликни сақлаб қолиш, инсон бўлиб яшаш ҳамда болалар келажаги юракларни зирқиратмоқда. Пул ва бойлик ўйинлари ҳар қачонгидан ҳам кучайган бир пайтда, инсон ўзидан қониққан ҳолда яшаб ўтиши учун қандай ҳаёт кечириши керак? Булар ҳар қандай даврда ҳам асар мавзуси бўлиб келган. Тарихимиз, феълу атворимиз, тушунчаларимиз маълум. Бирон-бир ўзбек кишиси ўзлигидан воз кечгиси келмайди, уни эъзозлайди, яхшиям шу халқ орасида туғилган эканман, дейди. Бироқ, тушунчаларимиз бизни келажакка қай даражада етаклайди? Ўзбек руҳияти етарли даражада қувватлими? Ҳа десак, унинг қай жиҳатларини ўзимиз учун қанот қилиб олайлик? Йўқ десак, унда қайдан оламиз у куч-қудратни?

Президентимиз ўз маърузаларида тафаккурни ўзгартириш масаласини қайта-қайта таъкидлайди. Ҳа, бугунги турмуш тарзимиз - ўз тафаккуримизнинг меваси. Кеча у тўлақонли тафаккур эди, бағрида зулмга қарши исён яшарди, шу сабабли ҳам ўзлигимизни авайлаб сақлаб, бугунгача олиб келиб берди. Энди бошқача тафаккур керак. Жамиятга,давлатга, воқеликка муносабатимизни бир поғона кўтаришимиз керак. Йўқса кўзланган манзилларга етиб боролмаймиз. Бу сингари тушунчалар ўзагида ҳам янги, замонавий билимларни эгаллашга даъват ётибди.

Яъни, мен англаган ҳикматлардан бири шуки, "Нима эксанг, шуни ўрасан".

 

Қўқон давлат педагогика институти 

тадқиқотчиси Феруза Қурбонова суҳбатлашди