Европа Иттифоқи – дунёдаги энг йирик асал бозорларидан бири ҳисобланади. Ғарб давлатларида асал кўп истеъмол қилинади. Шу боис ички ишлаб чиқариш мавжуд талабнинг 60 фоизини қондира олади, холос.
“Евроньюс” ушбу соҳага оид бир неча қизиқарли маълумот келтирган.Нидерландия ҳукуматига қарашли ташкилот маълумотига кўра, кўҳна қитъада асал етишириш COVID-19 пандемияси, пестициддан фойдаланиш ва иқлим ўзгариши туфайли анча камайиб кетган эди. 2022 йилга келиб соҳа ўзини бирмунча тиклади, дейиш мумкин. Яъни, жами ҳосилдорлик 280 000 тоннага чиқди.
Сўнгги йилларда Европа асалини тайёрлаш жараёни сезиларли ўзгарувчанлик хусусиятини намоён этди. Умуман олганда, салбий тенденция кўзга ташланди. Масалан, 2018 йилдаги 274 600 тонналик кўрсаткич 2021 йил 228 300 тоннага тушди. 2022 йил эса яна ўсиш кузатилди.
Шу 5 йил орасидаги манфий нисбат асосан COVID-19 пандемиясининг салбий таъсири ва асалари сони камайиши билан боғлиқ. шунингдек, айни жараён ушбу ҳашарот касалланиши ҳолати кўпайиши, кимёвий моддалар ва қишлоқ хўжалигида пестициддан фойдаланиш миқдори ортиши, иқлим ўзгариши каби экологик омиллар билан боғлиқлиги ҳам айтилади. Қолаверса, умумий инфляция ва энергия инқирози билан тавсифланадиган иқтисодий вазият асаларичилик барқарорлигига таҳдид солмоқда.
Мутахассислар 2022 йилги ўсишни гуллаш ва нектар ҳосили яхши бўлгани, шунингдек кам ёмғирли қулай об-ҳаво билан изоҳлайдилар. Уларнинг фикрича, Европада асаларичилик қийин даврни бошдан кечирмоқда ва ишлаб чиқариш ҳажми ортишига ишониш қийин.
Хитой ва АҚШ каби кўҳна қитъа ҳам асал истеъмоли бўйича дунёдаги етакчи минтақалар қаторига киради. Яъни, жами талабнинг тахминан 20 фоизи Европага тўғри келади.
Маълумотга кўра, европаликларнинг аксарияти ҳар ҳафта, Словения, Греция каби мамлакатларда эса, деярли, ҳар куни асал ейилади. ЕИда етарли бўлмагани сабабли, асал кўп миқдорда импорт ҳам қилинади. Масалан, 2022 йил Европага 363 000 тонна асал ташқаридан кириб келган.
БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги агентлиги (ҒАО) маълумотига кўра, 20 та энг йирик асал импорт қилувчи мамлакатлардан 10 таси ЕИ таркибида.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/98bLNZOXbAU" title="Asalning ozi shirin emasmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА