Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида истиқомат қилувчи тажрибали асаларичи Ғанижон Йўлдошев қарийб эллик йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келмоқда. Унинг меҳнати, сабри ва табиатга бўлган меҳри самараси ўлароқ, бугун «Толибжон Ғанижон асаларичи» фермер хўжалиги маҳаллий бозорни табиий ва шифобахш асал маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқда.
Айни пайтда хўжалик тасарруфида 400 дан ортиқ асалари қутиси мавжуд бўлиб, асаларичилар оиласи ҳар йили ўртача 5–6 тонна сифатли, дармондориларга бой асал маҳсулотини истеъмолчиларга етказиб бермоқда. Бу натижа нафақат оилавий меҳнат самараси, балки асаларичиликка илмий ёндашувнинг амалий ифодасидир.
Замонавий талабларга мос иш юритиш мақсадида Ғанижон ота Европа ва Осиёнинг ўнлаб давлатлари асаларичилари билан тажриба алмашувни йўлга қўйган. Илғор хорижий усулларни маҳаллий шароитга мослаштирган ҳолда қўллаши маҳсулот сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Бугун 71 ёшни қаршилаган асаларичи 3 нафар фарзанди ва 16 нафар набираси билан бирга суюкли касбини меҳр билан давом эттирмоқда. Хонадонида ташкил этилган кичик илмий-амалий лабораторияда асаларичиликнинг нозик жиҳатлари ўрганилиб, маҳалладошлар ва касбга қизиқувчи ёшларга сабоқлар бериб келинмоқда. Айни пайтда 15 нафардан ортиқ ёшлар Ғанижон отадан амалий тажриба олмоқда.
[gallery-27300]
— Хонадонимизда гул асали, мева асали, тоғ асали, пахта асали каби ўнлаб турдаги маҳсулотлар мавжуд, — дейди Ғанижон Йўлдошев. — Асал сўраб келган ҳар бир кишига соғлом турмуш тарзи ва саломатлик ҳолатидан келиб чиққан ҳолда энг мақбул турини тавсия этамиз.
Шунингдек, асаларичи Фарғона водийси ҳамда Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал туманларидаги асаларичилар билан ҳам яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда. Баҳор ва ёз ойларида юртимизнинг сўлим ҳудудларида асал йиғиш ишлари олиб борилади. Шу билан бирга, оилага ажратилган 30 сотих ер майдонида турли гулзорлар барпо этилган бўлиб, бу асал сифатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/mmnYkhJZuOM?si=YKm24_CgaNWTxjfx" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат,видео),ЎзА