French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асаларичилик соҳасидаги муаммолар муҳокама қилинди
16:31 / 2025-10-15

Асаларилар инсониятга энг тоза ва шифобахш асал маҳсулотини етиштириб бериш билан бирга, табиатнинг энг муҳим “экологик хизмат кўрсатувчиси” ҳамдир. Яъни, улар асал ишлаб чиқариш баробарида миллионлаб гектар майдондаги экинларни чанглатиш орқали ҳосилдорликни ошириш ва биохилма-хилликни сақлаб қолишга ҳам хизмат қилади. Шу боис ҳам юртимизда асаларичилик ривожига устувор аҳамият қаратиб келинади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Иқлим ўзгариши оқибатларини камайтириш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишни тезлаштириш масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган тадбирда асаларичилик соҳасидаги мавжуд муаммолар, соҳани барқарор ривожлантириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда асаларичиликни ривожлантириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг тегишли қарори билан асаларичилик тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, тармоқда наслчилик ишларини илмий асосда ташкил этиш, асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асаларичилик соҳасидаги илғор тажрибаларни республикамизнинг барча ҳудудларида татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси ташкил этилди.

“Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида “Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили" Давлат дастурига мувофиқ, асалари оилалари сонини мамлакат бўйича 300 мингга етказиш вазифаси белгиланди. Асаларичиликнинг ривожланиши экологик барқарорликни таъминлаш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, қишлоқ хўжалигида табиий чанглатишга ҳам хизмат қилиб, мамлакат аграр салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлади.

Тадбирда асаларичилик соҳасида кузатилаётган бир қатор муаммо ва камчиликлар, жумладан, асал берувчи ўсимликлар майдонларининг қисқариши, нектарбоп ўсимликлар сони камайиши, қишлоқ хўжалигида пестицидлар ва агрокимёвий моддалардан фойдаланиш оқибатида асалариларнинг нобуд бўлиши ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур ҳолатлар нафақат асалари популяциясига, балки қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши айтиб ўтилди. 

Муҳокамалар давомида депутатлар ва мутахассислар томонидан асаларичилик тармоғини ривожлантириш, хусусан, асаларичиларга имтиёзли кредитлар, субсидиялар ва солиқ енгилликлари бериш, асаларилар генофондини муҳофаза қилиш бўйича илмий изланишларни олиб бориш ва маҳаллий зотларни яратиш, асаларилар учун муҳим бўлган ўсимлик турларини кўпайтириш, шунингдек, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди. 

Муҳтарама Комилова, ЎзА