O‘zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” бўлими ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Марат Аминов ташаббуси билан Нукус туманида фаолият юритувчи асаларичилик фермер хўжаликларига бизнес тур ташкил этилди.
“Ёш тадбиркорлар Лигаси” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбир давомида ёшлар асаларичилик соҳаси билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. “Деҳқон арна” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги фермер хўжалиги раҳбари Бахтиёр Джубаев ушбу соҳадаги имкониятлар, фаолиятни қўллаб-қувватлаш механизмлари ва муваффақиятга эришиш тажрибаси ҳақида иштирокчиларга атрофлича маълумот берди.

– Мен болалигимдан отамнинг ёнида юриб, асалари оилалари билан ишлашини кузатиб, бу касбга меҳр қўйганман. Асаларичилик нафақат ҳалол меҳнат, балки сабр-тоқат, меҳр ва доимий ғамхўрликни талаб қиладиган касб. Фермер хўжалигимдаги илк асалари уялари отамнинг маслаҳати ва кўмагида ташкил этилди. Жорий йил апрель ойида ёшлар учун ажратилган 100 миллион сўм имтиёзли кредитни олиб фаолиятимни янада кенгайтиришга сарфладим. Яқин келажакда замонавий технологияларни жорий этиш ва ёшларни ушбу соҳага янада кўпроқ жалб қилиш ниятим бор, – дейди Серик Джубаев.
Тадбир доирасида иштирокчилар тумандаги яна бир тажрибали асаларичи Абай Шабиев билан суҳбатлашишди. У ҳам ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Ҳозирги кунда хўжалигимизда бир неча ўнлаб асалари оилалари мавжуд. Асал ишлаб чиқаришдан ташқари, мум, прополис ва турли асал аралашмаларини тайёрлаб, маҳаллий бозорга чиқаряпмиз. Бу маҳсулотларга талаб юқори, чунки одамлар соғлом ва табиий маҳсулотларга қизиқиш билан ёндашади. Биз учун энг муҳим масала – маҳсулот сифати. Асалариларни фақат табиий муҳитда, зарарли кимёвий моддаларсиз парвариш қиламиз. Бу нафақат маҳсулот сифатини, балки экологик барқарорликни ҳам таъминлайди.
Бизнес тур давомида иштирокчилар орасидан асаларичилик йўналишида ўз тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлганлар ҳам бўлди. Ўз навбатида фермерлар “устоз-шогирд” анъанаси асосида ёшларга амалий ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири