Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асаларичилик оилаларнинг муҳим даромад манбаига айланмоқда
15:18 / 2023-10-02

Фарғона вилоятида асаларичилик хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш, асал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва турларини янада кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда.

Бугунги кунда вилоят миқёсида асаларичилик субъектлари сони 2000 тадан ортиб, 130 минг донадан зиёд қутида асалари оиласи парваришланяпти. Вилоятда йилига жами 2 минг тоннадан ортиқ асал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Хорижга асалари оиласи экспорти эса йилига 70 минг донани ташкил этмоқда. Бағдод туманида ҳам кўплаб оилалар асаларичилик билан шуғулланиб, яхши даромадга эга бўлмоқда.

“Чекхитой” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаммадали ака Фозилов болаликдан бери суяк емирилишидан азият чекади – иккинчи гуруҳ ногиронлиги бор. Аммо бу ҳолат аканинг ҳаётга бўлган муҳаббатини сўндирмаган, аксинча ҳалол меҳнат билангина фаровонликка эришиш мумкинлигини хонадон соҳиби яхши билади.

Яқинда маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Муҳаммадали аканинг томорқасига 3 қути асалари келтириб берди.

–  Асаларичилик бўйича ҳеч қандай маълумотим йўқ эди, лекин интернет орқали керакли тавсияларни олиб, озми-кўпми натижаларга эришяпман, - дейди Муҳаммадали ака. – Қачон озуқасини бериш керак, қутининг ичида ҳарорат қандай бўлиши керак – ҳаммасини интернетда ёзиб-ўргатиб қўйибди. Шу ишга меҳр қўйса, интилса, ҳаракат қилса, яхшигина даромад олиш мумкин экан.

“Чекхитой”да ишсизликни камайтириш ва норасмий бандлик улушини қисқартириш мақсадида асаларичилик кооперацияси ташкил этилди. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Нурматжон Ғозиевнинг айтишича, мазкур кооперация орқали 20 та оилада иш билан банд бўлмаган аъзоларнинг бандлиги таъминланди ва хонадонларда касаначилик асосида етиштирилган асал маҳсулотини “Бағдод замин асали” масъулияти чекланган жамияти келишилган нархда харид қилиб олади.

– 20 та хонадонга 60 та қутида, жами 180 та асалари оиласи тарқатилган, - дейди “Бағдод замин асали” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби Абдувоҳид Убайдуллаев. – Бошланишига озуқани ўзимиз етказиб беряпмиз, асалари парваришини ўргатяпмиз. Кейинчалик маҳсулотни ўзимиз сотиб оламиз. Битта асалари оиласидан 700-800 минг сўм фойда олиш мумкин ва бу даромад – фуқароларники!

М.Сулаймонов, ЎзА