Президент топшириғи амалда
Мамлакатимизнинг тоғли, қир-адирлари табиий иқлим шароити асаларичилик билан шуғулланиш учун жуда қулай. У жойлардаги шифобахш, ҳар дардга даво гиёҳлардан гул чангидан йиғилган асал эса инсон учун жуда фойдалидир.
Халқимиз етти хазинанинг бири бўлган асаларининг фойдасини яхши билади. Шу туфайли ҳозир Тошкент вилоятининг барча ҳудудларида мазкур тармоқ хўжалиги анча оммалашган. Жумладан, Бўстонлиқ туманида асаларичилик ривожлантирилмоқда.
Тошкент вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси ва туман ҳокимлиги томонидан ташкил этилган пресс-турда мазкур саъй-ҳаракатлар бўйича ОАВ вакилларига маълумот берилди.
Маълумки, жорий йил январь ойида Президентмиз раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида Бўстонлиқ туманидаги Думалоқ маҳалласида инновацион асаларичилик хўжалиги кооперативи ташкил этилаётгани ҳақида айтилган эди. Унга кўра, ҳудуддаги 50 нафар асаларичи Туркиялик ҳамкорлар билан саноат усулида 20 турдаги маҳсулот олиш лойиҳаси амалга оширилади.
[gallery-27429]
Пресс-турда журналистлар асаларичилар учун шу бўйича ташкил этилган семинарда қатнашди. Унда асосий эътибор туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда саноат усулида асаларичиликни ривожлантириш, шунингдек, асал маҳсулотларини хорижга ягона бренд асосида экспорт қилиш ҳақида батафсил маълумот берилди.
Семинарда асаларичилик фаолияти билан шуғулланаётган тажрибали асаларичилар билан бир қаторда, ушбу соҳада фаолият бошлаш истагида бўлган фуқаролар ҳам қатнашди. Лойиҳага кўра, дастлаб 50 нафар ташаббускор фуқаро асаларичилик кооперативига бирлаштирилади.
Туркиялик мутахассислар томонидан 310 нафар аҳоли шу соҳадаги замонавий билим ва тажрибалар асосида ўқитилади. Ҳудудда янги ташкил этиладиган асаларичилик маркази ва корхона фаолияти йўлга қўйилади. Бунинг учун 18 миллиард сўм маблағ ажратилиши кутилган.
Бу ерда 60 та доимий, мавсумда эса 500 та иш ўрни яратилади. Аҳолига тарқатиладиган асалари уйлари сони 2 мингтага етказилади. Бу саъй-ҳаракатлар орқали йиллик ишлаб чиқариладиган маҳсулот 50 тоннага, экспорт ҳажмини 400 минг долларга етказиш мақсад қилинган.
– Муҳими, кооператив аъзолари даромад келишилган ҳолда бўлиши мумкин. Ҳар бир қарор ўзаро овозга қўйиш йўли билан ҳал қилинади. Ҳозир жаҳонда асалари маҳсулотларига талаб юқори. Масалан, ари сути, гул чанги, ари заҳри, прополис каби маҳсулотлар доим харидоргир. Уларни мунтазам етказиб беришга эҳтиёж ортмоқда. Ўзбекистон шароитида эса асал маҳсулотларини саноат усулида қайта ишлаш орқали яхши даромад олиш мумкин. Бу соҳада кўп йиллик тажрибага эгаман ва бошлаётган лойиҳамизда катта натижалар бўлишига ишонаман, – дейди Туркия асаларичилик фонди раҳбари Жем Атай.
Учрашув давомида соҳа бўйича замонавий технологиялар, ишлаб чиқариш жараёнлари, маҳсулот турларини кўпайтириш, экспорт имкониятлари ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш чоралари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Пресс-тур давомида журналистлар туманнинг Уенкулсой маҳалласида истиқомат қилувчи, қарийб 40 йилдан буён асаларичилик билан шуғулланиб келаётган Бегали Амирқулов хонадонига борди. Узоқ йиллик меҳнат ва тажриба натижасида мазкур хонадон нафақат юқори сифатли асал етиштириб келмоқда. Бугунги кунда хонадон эгалари асал етиштириш билан чекланиб қолмай, маҳсулотни ўз хонадонида қадоқлаш ва бозорга чиқариш тизимини ҳам йўлга қўйган.
Мазкур фаолият натижасида ойига ишлаб чиқариш харажатларидан ташқари ўртача 20 миллион сўмга яқин соф даромад олинмоқда. Айни пайтда хонадонда 200 дан ортиқ асалари қутиларида асаларилар парваришланиб, маҳсулот ҳажмини ошириш устида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Бўстонлиқ туманида мавжуд 55 та маҳалланинг қарийб 20 таси асаларичилик йўналишига ихтисослашган. Ўтган йил ушбу йўналишда фаолият бошлаган 200 нафардан ортиқ ташаббускор фуқарога имтиёзли кредитлар ажратилиб, давлат томонидан тизимли қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилди.
Мазкур ташаббус аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кенгайтириш ҳамда асаларичиликни иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантиришга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.