Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Асал байрами” кўргазма-ярмаркаси давом этмоқда
13:19 / 2025-12-09

Пойтахтимизда “Асал байрами” миллий асаларичилик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари халқаро кўргазма-ярмаркаси давом этмоқда.

 

“Ўзбекистон асаларичилари” уюшмаси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир доирасида барча вилоятлардан 400 дан ортиқ асаларичилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи субъектлар ва соҳанинг 1500 га яқин илғор вакиллари иштирок этмоқда.  

Кўргазма-ярмаркага қатнашиш учун Россия Федерацияси, Хитой, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлатларидан нуфузли меҳмонлар, профессор-олимлар ҳамда кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар ташриф буюрган.

Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган анъанавий асал ярмаркаси бу йил ҳам турли ҳудудлардан келган асаларичилар ва меҳмонларни бир майдонда жамлади. Бу ерда табиий асал савдоси билан бир қаторда, асаларичилар учун зарур ускуналар, турли ҳажмдаги уялар ва хизматлар ҳам тақдим этилди.

Хоразм вилояти Гурлан туманида асаларичилик билан шуғулланувчи тадбиркор Азамат Аманов ярмарканинг фаол иштирокчиларидан бири. Унинг хўжалигидаги 650 дан ортиқ уядан жорий йил мавсумида 6 тонна асал етиштирилган.

Асалдан тушган 150 миллион сўмлик соф даромад меҳнатнинг самараси эканини таъкидлаган тадбиркор мижозлар саволларига батафсил жавоб бериб, асал турлари ва унинг фойдали хусусиятлари ҳақида тушунтириш берди.

Наманганлик ёш тадбиркор Жобирхон Алихонов 16 ёш бўлишига қарамай 5 йилдан бери асаларичилик билан шуғулланиб келади. Косонсой туманидаги политехникумда шу йўналишда таҳсил олаётган Жобирхон биринчи марта ярмаркада қатнашмоқда.

—Инсон ҳаракат қилса, баракаси бўлар экан. Бу йил асаларичилик фаолиятимдан 20 миллион сўмга яқин даромад қилдим. Оиламга ёрдам, қолганини ўқишимга сарфлаяпман, — дейди наманганлик ёш тадбиркор Жобирхон Алихонов. — Аввало сабр қилиш керак. Асаларичилик тезда даромадга кирадиган тармоқ эмас. Тозалик ва қоидаларга қатъий риоя қилиш зарур. Учинчидан, илм — асалариларни ўрганиш, уялар парвариши, емиш базаси — буларнинг барчасини чуқур билиш керак. Энг муҳими — меҳр. Меҳр билан қилинган иш баракаси билан келади. Асалари уялари сонини кўпайтириш, янги турдаги асал маҳсулотларини ишлаб чиқариш, технологик жиҳозларни янгилаш ниятидаман. Экспорт борасида ҳам режаларимиз бор. Наманган асалини дунёга танитишни мақсад қилганман.

Қорақалпоғистон Республикасидан 12 нафар асаларичи 1200 км масофани босиб ўтиб, ярмаркада иштирок этмоқда. Шунингдек, ярмаркада Хоразм заминида ушбу фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорлар ҳам фаол.

Хоразм вилояти Хонқа туманида истиқомат қилувчи Шаҳзодбек Шоназаров 20 йилдан зиёд вақтдан бери асаларичилик билан шуғулланиб келади. У бошқараётган “Honey Yard” оилавий корхонаси бу йил 3 тоннадан зиёд асал тайёрлаган.

—Бу ярмаркада учинчи маротаба иштирок этишим, — дейди Шаҳзодбек Шоназаров. — Илгари 500 –700 кг. маҳсулот олиб келган бўлсак, бу йил 1 тоннадан ортиқ асал билан қатнашяпмиз. Ярмаркада юртдошларимизга арзон ва сифатли асал етказиб бераётганимдан хурсандман. Инсон меҳнатини асаларилар ҳис қилади деб бекорга айтилмайди. Асаларичилик жуда нозик соҳа. Ҳар бир уя, ҳар бир асалари алоҳида эътибор талаб қилади. Тозалик, табиий муҳит, сифатли ўтлар — буларнинг барчаси таъсир қилади. Асал соф ва табиий бўлиши учун биз ҳар бир жараёнга эҳтиёткорлик билан ёндашамиз. Харидор ҳақли равишда асал қаердан келган, қандай олинган, нимаси билан фойдали эканини билишни истайди.

Бир сўз билан айтганда, асал ярмаркаси нафақат савдо майдони, балки тажриба алмашиш, янги технологиялар билан танишиш, турли ҳудуддан келган асаларичилар меҳнатини кўриш мумкин бўлган муҳим тадбир. Бу ерда катта ёки кичик тадбиркор бўлишидан қатъи назар, ҳар бир меҳнаткашнинг саъй-ҳаракатлари, меҳри ва фидойилиги акс этади. Меҳнаткаш асаларичилар сони ва асал ҳосили йилдан-йилга ортиб бориши юртимизда соҳа ривожи учун кенг имкониятлар яратилганини яна бир бор тасдиқлайди.

Кўргазма-ярмарка 11 декабрга қадар давом этади.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА