Асал байрами: илғор ғоялар, самарали мулоқот майдони
Пойтахтимиздаги "Ўзкўргазмасавдо" марказида асал байрами ва асаларичилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Пойтахтимиздаги "Ўзкўргазмасавдо" марказида асал байрами ва асаларичилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси, "Алоқабанк" акциядорлик тижорат банки, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда 270 дан ортиқ асаларичилик субъекти, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан асаларичилар қатнашмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида уч йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу тадбирдан мақсад мамлакатимизда ва қўшни давлатларда фаолият кўрсатаётган тажрибали асаларичилар ўртасида ўзаро мулоқот майдонини яратиш орқали соҳадаги янгиликлар ва илғор ғояларни тарғиб қилиш, маҳсулотлар харидоргирлигини таъминлашдир.
Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидан келган 68 ёшли Аҳмаджон Маттаров Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳсинга лойиқ эканини айтди.
– Бу байрамда иккинчи бор қатнашаяпман, – деди А.Маттаров. – Ташкилотчиларга раҳмат. Асаларичиларни бирлаштириб шундай катта тадбир ўтказилаётганининг ўзи соҳага қаратилаётган юксак эътибор намойишидир. 35 йилдан буён шу касб билан машғулман. Кам бўлмадик – рўзғоримиз обод, ризқимиз бутун. Кўргазмада ҳамкасбларимиздан билмаганимизни ўрганиб, танишлар орттираяпмиз, ҳам маҳсулотимизни сотаяпмиз.
Ўзбекистонда асаларичилик ривожланиб бормоқда. Бу жараёнда асал ва асаларичилик маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми ҳам ортмоқда. Ўзбекистон асаларичилари уюшмаси ўтган йили “Апимондия” халқаро асаларичилик уюшмалари федерациясига аъзо бўлди.
– Кўргазма-ярмаркада иштирокчилар нафақат асал, балки гул чанги, прополис, ари сути, мум, асалари уяси каби табиий дармондори бўлган асаларичилик маҳсулотларини намойиш этмоқда, – деди қорақалпоғистонлик асаларичи Чорибой Холбоев. – Нукус туманидаги "Соғинбой асалчи" фермер хўжалигида асал етиштирамиз. Бугунги тадбирда қатнашишдан мақсад фойда кўриш эмас, аксинча, соҳадаги янгиликларни ўрганиш. Ўзим ҳам ёшларга асалчилик бўйича таълим бераман. Ёшларнинг шу касб билан машғул бўлишини истайман. Қанийди, асаларичилик ўқувлари ташкил этилса, соҳага инновацион ғоялар тарғиб қилинса янада яхши бўлар эди.
Асал байрами ва асаларичилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси 10 декабрга қадар давом этади. Тадбир якунида фаол иштирокчилар 10 дан ортиқ номинация бўйича тақдирланиши кутилмоқда.