Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асакада ЎзЛиДЕП боғи барпо этилмоқда
14:14 / 2024-04-11

Мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида олиб борилаётган ишларда нафақат давлат ташкилот ва муассасалари, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, умуман, кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этмоқда. Қолаверса, мазкур лойиҳа она табиат мусаффолигини сақлаш, кўчат экиш, боғ яратиш йўлида бутун халқимизни янада жипслаштирмоқда.

–Партиямиз фаоллари, депутатларимиз “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш ишларида фаол иштирок этмоқда, – дейди O'zLiDeP Андижон вилояти кенгаши раиси Хуршидахон Халилова. – Мақсадимиз саломатлигимиз, ҳаётимиз учун муҳим бўлган яшил майдонлар барпо этиш, ўзимиз яшаётган масканларни тоза ва обод ҳудудга айлантириш ишига муносиб ҳисса қўшиш, қолаверса, юртдошларимиз, айниқса, ёшларни ушбу хайрли ишга янада кенгроқ жалб этишдир.  

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – O'zLiDeP Андижон вилояти кенгаши, партиядан сайланган депутатлар томонидан бу борада эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Асака туманидаги  “Кужган олтин даласи” фермер хўжалиги томонидан ажратилган 3 гектар ер майдонида “O'zLiDeP  боғи” барпо этилаётганлиги ана шу йўналишдаги ишлардан биридир.  

[gallery-16886]

O'zLiDeP  Андижон вилояти, Асака тумани кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари раислари, партия фаоллари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари Шуҳратбек Бозоров, Сайдулло Эргашев, Умидахон Назарова, Махфузахон Аҳмедова иштирокида мазкур боққа 1 минг 500 тупдан зиёд мевали дарахт кўчати ўтқазилди.  

–Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири,  – дейди Халқ депутатлари Асака тумани Кенгаши депутати Махфузахон Аҳмедова. – Қолаверса, ўзимиз яшаб турган ҳудудларни кўкаламзорлаштириш,  яшил ҳудудлар ташкил этиш орқали она табиат мусаффолигини сақлашга, саломатлигимизни асраб-авайлашга мустаҳкам замин яратамиз.  

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш, яшил ҳудудлар, боғлар барпо этиш ишлари Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида давом этмоқда.  

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари