Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Асакада ичимлик суви истеъмолчиларининг 95 фоизи қарздор
08:19 / 2020-12-15

Халқ депутатлари Асака тумани Кенгаши сессиясида туман ҳокими Мансурбек Алихонов якунланаётган йилда ҳудудда амалга оширилган ишлар, 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари тўғрисида ҳисобот берди.

– Бугун халқимизнинг тафаккури, дунёқараши, талаб ва эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган, – дейди М.Алихонов. – Одамларимиз сиёсий жараёнлар, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар шиддатида анча тобланган, улар ҳар қачонгидан кўра сиёсий, ҳуқуқий жиҳатдан фаол, ўз фикрини бемалол очиқ айтиб, керак бўлса раҳбарларга, депутатларимизга ҳам баҳо берадиган, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда бугунги куннинг энг долзарб муаммолари ечимини топиш масаласини кўтарадиган даражага етган. Бу, албатта, энди одамларни шунчаки қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмаслигини, уларга амалий ишларимизни кўрсатиш вақти келганлигини англатиб, олдимизга катта масъулият ва вазифаларни қўяди.

Туманнинг комплекс ривожлантириш дастури доирасида саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 2020 йил давомида умумий қиймати 482 миллиард 179 миллион сўмлик 52 та лойиҳа амалга оширилиб, 2 минг 497 та янги иш ўрни яратилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича қиймати 188,2 миллиард сўмлик 17 та лойиҳада 746 та янги иш ўринлари ташкил этилди. Мисол учун, Меҳнатобод маҳалласи ҳудудида "Барака ҳамкор парранда" хусусий корхонаси томонидан 80 миллиард сўм маблағ ҳисобига паррандачилик комплекси ташкил этиш лойиҳаси амалга оширилиб, бу ерда 250 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди. Ҳозирда у ерда 300 минг бош бролер жўжа боқилмоқда.

[gallery-441]

Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 204,4 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. Келгуси йил учун 1,6 миллион доллар экспорт қилиш имконияти, 3,7 миллиард сўмлик бюджетга соф тушумлар заҳираси ва 8 хил турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 5 та лойиҳа бўйича 33,7 миллион доллар қийматидаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари киритилиб, асосий капиталга йўналтирилди. Мисол учун, Камолот маҳалласида "Асака текстил" МЧЖ томонидан умумий қиймати 468,7 миллиард сўм, шундан 33,1 миллион евро миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағи ҳисобига трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилиб, 800 нафардан ортиқ ишсиз аҳоли бандлиги таъминланади.

Туманда 10 тадан ортиқ салоҳиятли корхоналар экспортга жалб қилинди. Ўтган давр мобайнида ушбу корхоналар томонидан 42 миллион долларлик 10 дан ортиқ саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон, Латвия, Туркия, Хитой каби давлатларга экспорт қилинди. 2019 йил туманда 24,8 миллион доллар миқдорида экспорт амалга оширилган эди.

Туманда кам таъминланган ва “Темир дафтар”га киритилган аҳолига янги ташкил этилган кластер корхоналари томонидан кооперация усулида 775 минг бош гўшт йўналишидаги парранда, 1 минг 404 та қуён ҳамда 1 минг 61 бош эчки тарқатилди. Бунинг ҳисобига 600 тонна парранда ва 25 тонна қуён гўшти етиштириш билан йиллик истеъмол талаби ортиғи билан бажарилиши кутиляпти.

Туманда аҳолини уй-жой билан таъминлаш мақсадида А.Темур, Улуғбек ва Бобур маҳаллаларида намунавий лойиҳалар асосида 90 та хонадондан иборат 5 қаватли, ҳар бири хонадонли уйлар қурилди.

Жорий йил туманда 160 километр автомобиль йўллари, жумладан, 28 километр қисми мукаммал, 132 километр узунликдаги кўчалар эса жорий таъмирланди.

Юқорида қайд этилган маҳаллаларда ичимлик суви таъминоти яхшиланган бўлсада, етказиб берилган ичимлик суви учун тўловлар ўта қониқарсиз ҳолатда, яъни 95 фоиз истеъмолчилар томонидан тўловлар тўлаб борилмаётганлиги сабабли сув таъминоти туман бўлимининг моддий ва техникавий базаси ачинарли ҳолатга келиб қолмоқда. Ҳозирги кунга келиб етказиб берилган ичимлик суви ва оқова сув ташлаш хизматлари учун аҳолининг 2 миллиард 700 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги мавжуд.

Туман бўйича 53 минг 659 та хонадон бўлиб, шундан 13 минг 964 та хонадон табиий газ, қолган 39 минг 690 та хонадон суюлтирилган газ билан таъминланмоқда. Жорий йилда табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 2,8 километр ўрта босимли газ тармоғи жорий таъмирланди.

“Темир дафтар”га киритилган оилалардаги 24 минг 950 нафар аҳолининг 5 минг 864 нафарини меҳнатга лаёқатли ишсизлар ташкил этади. Бугунги кунгача 5 минг 624 нафар (95,8 фоиз) фуқаролар доимий ишга жойлаштирилди.

“Саховат ва кўмак” жамғармасига тумандаги саҳоватпеша тадбиркорлар томонидан 3 миллиард 390 миллион сўм хомийлик маблағи шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан пандемия даврида эҳтиёжманд ва оғир аҳволга тушиб қолган 4 минг 713 оилага 11 хил турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва керакли дори-дармонлар етказиб берилди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА