Оддий тупроқдан мўъжиза яратаётган кулол қалб қўри, меҳнат ва изланишлари билан яратилаётган маҳсулотларга талаб ортмоқда. Бу янги иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, турларини кўпайтириш имконини бермоқда.
Фарғона вилояти Риштон тумани “Боғистон” маҳалла фуқаролар йиғинида Акмалжон Бобожонов асос солган "Рошидон мастер керамик" оилавий корхонасида тайёрланган 50 минг долларлик маҳсулотлар Тожикистон ва Қирғизистонга эскпорт қилинди.

–Бу сўнгги чегара эмас, – дейди корхона раҳбари. – Эндиликда тожикистонлик ҳамкорларга ҳар ойда 10 минг долларлик маҳсулот етказиб берамиз. Шу мақсадда маҳалладаги 50 нафар хотин-қизларни касаначилик асосида ишга қабул қилдик, маҳсулот қадоқлаш цехи ишга туширилди.
Акмалжон Бобожонов кулоллар сулоласидан. Ёшлигидан ака-опалари ортидан эргашиб, тупроқдан санъат асари яратиш ҳадисини олди. Дастлаб уйда беш- ўн чоғли ёшлар билан маҳсулот ишлаб чиқарди. Маҳалла ҳудудидаги кичик саноат зонасида умумий лойиҳа қиймати 100 миллион сўм бўлган чинни ва сопол идишлар ишлаб чиқариш тармоғини ишга туширди. “Асакабанк” вилоят филиалидан 500 миллион сўм имтиёзли кредит олди. Замонавий ишлаб чиқариш жиҳозлари олиб келиниб, 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

–Шу кунга қадар “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали аниқланиб дафтарларга киритилган ишсизлар бандлигини таъминлаш, маҳаллаларда хизмат кўрсатиш турларини ташкил этиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш юзасидан билдирилган таклифлар асосида 216 нафар ташаббускор фуқароларга 21 миллиард 496 миллион сўм имтиёзли кредитлар ажратилди, – дейди “Асакабанк” Фарғона вилоят филиали бошқарувчиси Рустамжон Қодиров. – Бундан ташқари, “Ҳар бир оила – тадбиркор ” дастури асосида 512 нафар фуқаро, 52 та тадбиркорлик субъектига ҳам имтиёзли кредит ажратилмоқда, янги ташаббуслар қўллаб-қувватланаётир. Натижада олис ва чекка ҳудудларда ҳам замонавий ишлаб чиқариш тармоқлари ташкил этилмоқда, жаҳон бозори талабларига мос бўлган маҳсулот турлари кўпаймоқда.

М. Сулаймонов, ЎзА