Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида Андижон вилояти Асака тумани марказидаги Камолот маҳалласида Оила ва хотин-қизлар маскани иш бошлади.
Асака тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Дилфузахон Алиева, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида маскан очилишига бағишланган тадбирда Президентимиз ташаббуси билан юртимизда оилаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили Андижон вилоятига ташрифи чоғида вилоятнинг туман, шаҳарларида оила ва хотин-қизлар масканларини барпо этиш, фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берган эди.
Ана шу топшириқ ижроси доирасида Асака туманида ташкил этилган масканда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбга йўналтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтириш мақсад қилинган.
[gallery-24982]
–Туманимизда 93 минг 300 дан ортиқ оила таркибида 346 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари Д. Алиева. – 174 минг нафардан ортиғи ёки 49,5 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Янги иш бошлаган масканда аёлларимизни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилади.
Янги Оила ва хотин-қизлар масканида “Маслаҳат маркази”, шунингдек, тумандаги оилаларни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, никоҳланувчи ёшларни ўқитиш, турли тазйиқ ва зўравонликларга учраган хотин-қизларга психологик, ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиш ва бошқа қатор йўналишларда хизматлар йўлга қўйилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари