Андижон вилояти Асака тумани юртимизнинг энг обод масканларидан бирига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги «Андижон вилояти Асака туманини ободонлаштириш ва архитектура қиёфасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, туманнинг Чек маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Asaka city» турар-жой мажмуаси барпо этилмоқда.
Умумий лойиҳа қиймати 267 миллион АҚШ долларга тенг лойиҳа доирасида барпо этилаётган «Asaka city» турар-жой мажмуасида 4 минг 631 хонадондан иборат 71 та кўп қаватли уйлар қурилади, кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.
Айни кунда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти томонидан маҳалладаги 53,3 гектар ҳудудда Асака тумани аҳолиси, шунингдек, автомобилсозлик саноати ходимлари учун арзон, сифатли ва замонавий уй-жойлар қурилмоқда. Бундан ташқари, массивда савдо мажмуалари, меҳмонхона, истироҳат боғи, 320 ўринли 2 та болалар боғчаси ҳамда 2 минг ўринли умумтаълим мактаби қад ростламоқда.
Аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш, турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида барпо этилаётган «Asaka city» турар-жой мажмуасининг фойдаланишга топширилиши билан 7 минг нафардан зиёд фуқаро доимий иш ўрнига эга бўлади.
[gallery-5722]
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА