Бухорода ўтказилаётган “Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” ХVI Халқаро конференция давом этмоқда.
Тадбирда Қирғизистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Арманистон, Туркия, Белорусь, АҚШ, Россия, Тожикистон давлатларидан 60 дан зиёд ҳамда мамлакатимиздан 400 га яқин архивариус, ахборот-кутубхона раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек, бошқа мутасадди соҳа вакиллари қатнашмоқда. Бундан ташқари, Нидерландия ва Литвалик мутахассислар онлайн иштирок этмоқда.
– Билим, таълим, мутолаа ва китоблар орқали интеллектуал капитални шакллантирмасдан давлат тараққиётига эришиб бўлмайди, – дейди анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев. – Бугун ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ўсишига қарамай, айнан китоб ва мутолаа жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий ривожланишининг бош мезони ҳисобланади. Глобал ахборот жамияти ва тезкор ижтимоий ўзгаришлар даврида китобхонлик доимгиданда муҳимроқдир. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Беш ташаббус” доирасидаги лойиҳалар, бугунги кунда “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси” ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғояси ижроси доирасида давом эттирилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳузурида 14 та ҳудудий ва 186 та туман (шаҳар) кутубхонасини бирлаштирган ягона оммавий кутубхоналар тармоғи ташкил этилди. Шунингдек, “Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳаси ишга туширилди. Унда 1-босқичда 20 та, иккинчи босқичда 200 та республика кутубхонасининг электрон ҳамкорлиги амалга оширилади.
[gallery-12038]
Тадбирда Россия давлат кутубхонаси бош директори, Кутубхоналар ассоциацияси ва муассасалари халқаро федерацияси президенти, Озарбайжон, Тожикистон давлатлари миллий кутубхонаси директорлари, Кутубхоналар учун электрон ахборот халқаро консорциуми директори ва қатор мутасаддилар ҳам сўзга чиқди.
Конфернция доирасида Россия миллий кутубхонаси фондида сақланаётган Бухоро амирлиги тарихига оид адабиётларнинг электрон нусхаси Бухоро вилояти Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона марказига совға қилинди. Шунингдек, анжуман доирасида ушбу адабиётларнинг тақдимоти ҳам ўтказилади.
Конференцияда Ўзбекистон ахборот-кутубхона соҳасида узоқ йиллар давомида самарали фаолият юритган, ёш салоҳиятли кадрлар тайёрлашда муносиб ҳисса қўшган ҳамда миллий-маданий меросимизни авайлаб-асрашдаги юқори хизматлари учун 45 нафар фидойи ходим “Ахборот ва кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Тадбирда хорижий соҳа мутахассислари ахборот-кутубхона ривожидаги тажрибалари ҳақида тақдимотлар қилди. Бугун конференция ўз ишини шўъбаларга бўлинган ҳолда давом эттиради.
Маълумот учун, “Central Asia – 2023: Фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари” ХVI Халқаро конференция 26 майга қадар давом этади.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА