Ҳар бир мамлакатнинг келажаги ёш авлоднинг илмий ва инновацион салоҳиятига боғлиқ. Бу салоҳиятни намоён қилиш учун эса кенг имкониятлар керак. “InnoWeeк” халқаро ҳафталиги ана шу имкониятларни яратадиган муҳим тадбирлардан бири сифатида танилади. Унда ўз лойиҳаси билан иштирок этиб, эътибор қозонаётган ёшлар орасида Асадбек Ўринов ҳам бор. Унинг шижоати, меҳнати ва муаммоларга замонавий инновацион ечимлар таклиф қилиб келаётгани диққатга сазовор. Қаҳрамонимиз «Йил талабаси – 2023» кўрик-танловининг «Энг фаол инноватор ихтирочи талабаси» номинацияси ғолибидир.
2024 йил 30 июнь – «Ёшлар куни» муносабати билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан «Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Қолаверса, Президентимизнинг ёшларга бераётган имкониятлари ва эътиборлари билан «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиби бўлди.
– 2020 йил Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетига ўқишга қабул қилиниб, Тошкент шаҳрига энди келгандим. Танишларимдан “InnoWeeк” инновацион ғоялар ҳафталиги ҳақида эшитиб қолдим. Ўша пайтларда «инновация» сўзи мен учун бегона эди. Номига қизиққанимдан у нима экан, дея йўлга отландим, – дейди Асадбек Ўринов. – Ҳафталик доирасида ўша йили “TechnoWays” технологик ривожланиш марафонининг республика босқичи ўтказилаётган экан. Тенгдошларим томонидан тақдим этилаётган ҳар бир лойиҳани диққат билан кузатдим. Муаммоларга технологик ечимлар бераётган ёшларимизнинг ғояларидан руҳландим. Дастлаб ҳафталикда томошабин сифатида қатнашган бўлсам, кейинги йил, албатта, лойиҳам билан қатнашаман, деб ният қилдим.
Бир йил давомида атроф-муҳитдаги мавжуд муаммолар ва уларга қандай технологик ечим бериш ҳақида ўйладим. Хуллас, электромобиль масаласига тўхталдим. Электромобиль ишлаб чиқариш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмларнинг аксарияти юртимизга импорт асосида олиб келинади. Агарда бу соҳани ростдан ҳам ривожлантирмоқчи бўлсак, ишни ўша эҳтиёт қисмларни маҳаллийлаштиришдан бошлаш керак, дея ўйладим.
Хаёлимга келган илк нарса электромобиль аккумуляторларининг совитиш тизими бўлди. Сабаби, четдан олиб келинадиган аккумуляторлар юртимиздаги юқори ҳароратга мослашмаган ва шу туфайли тезда ишдан чиқиш ҳолатлари кўп кузатилади. Мустақил равишда ишга киришишни бошладим ва қарабсизки, бир неча ой ичида уни ишлаб чиқдим – прототип кутилган натижа берди. Ишланмага “Fresh energy” дея ном бердим ва 2021 йилги халқаро ҳафталикда қатнашдим.
Лойиҳам турмуш тарзимизда анча долзарб экан. Менга ҳамкорликда ишлаш бўйича кўплаб таклифлар тушди. Ҳатто, илк буюртмалар ҳам бошладим. Лойиҳа доирасида қўлга киритган маблағни ишланмани янада такомиллаштириш ҳамда жамоамнинг фаолиятини ривожлантиришга сарфладим. Қолаверса, турли университетлар билан биргаликда меморандум имзолашга эришдик.
Ўтган йили ҳар бир университетда халқаро ҳафталик ўтказилган эди. Мен муайян тажрибага эга иқтидорли ва ёш инноватор сифатида университетларда ўз лойиҳамни кўпроқ мутасадди раҳбарларга тақдим қилдим ва бошқа университетдаги тенгдошларимга мастер класслар ўтишни бошладим.
2022 йили жамоамиз билан масофадан бошқариладиган манипулятор танк прототипини намойиш этдик. Лойиҳа кўплаб томошабинларда қизиқиш уйғотди.
2023 йили “InnoWeek” ҳафталигида “Body Tester” – биринчи робот доктор лойиҳаси билан Турин политехника университети павильонида иштирок этдим. Бу ишланма замонавий тарозиларга ўхшаб кетади. Лекин унинг вазифалари талайгина. Аввал унга жетон ташлашингиз керак. Кейин у ишга тушади ва ёшингизни сўрайди. Саволга жавоб киритиб бўлгач, бўйингиз, вазнингиз, пульсингиз, қондаги кислород миқдори, қон босими, тана ҳарорати каби маълумотларни QR-код билан чек кўринишида чиқаради. Қолаверса, сизга қанча вазн меъёр ҳисобланишини ҳам ёзиб беради. Муҳими, маълумотлар билан биргаликда тақдим қилинган QR-кодга телефонингизни йўналтирсангиз, тавсиявий маслаҳатлар ҳам олишингиз мумкин. “Body Tester” лойиҳаси нафақат клиникалар, балки корхона ва ташкилотларда ҳам ўрнатилиши лозим, деб ўйлайман. Ҳар бир инсон ўз вақтида саломатлиги ҳақида маълумотга эга бўлса, касалликдан эртароқ халос бўлади. Айнан “Body Tester” жуда харидоргир лойиҳаларимдан бирига айланди.
2025 йил 9-11 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган “InnoWeek” ҳафталигида 10 дан ортиқ ишланмаларимиз билан қатнашиш ниятидамиз. Тошкент шаҳридаги Турин политехника институти, Тошкент давлат техника университети, мактаб ҳамда лицей ўқувчиларидан ташкил топган жамоам билан қатнашмоқдаман.
Бу тадбирни юртимиз келажаги учун ҳаракат қилаётган лидер ёшларни қамраб оладиган ҳафталик деб ҳисоблайман. Бу катта Нетворкингга имконият яратади. Шахсан ўзим ҳам бу борада катта ўзгаришлар бўлишига умид қиляпман, – дейди Асадбек Ўринов.
Севара Абдуллаева ёзиб олди.