Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
​Асад рафиқаси билан Сурия парламентига сайловларда овоз берди
08:18 / 2020-07-20

Сурия ОАВда берилган ахборотларга қараганда, кўплаб фуқаролар сайлов участкаларига овоз бериш вақтидан олдинроқ келиб туришган.

Сурия президенти Башар Асад рафиқаси Асма билан биргаликда Дамашқ шаҳридаги Президент ишлари бўйича вазирлик биносида жойлашган сайлов участкасига келиб, овоз беришди. Бу ҳақда РИА Новости президент қароргоҳи матбуот хизмати хабарига таяниб маълум қилган.

Якшанба куни Сурияда уруш бошлангандан буён учинчи бор парламент сайловлари бўлиб ўтди. Эрталаб, маҳаллий вақт билан соат 8.00 да бутун мамлакат бўйлаб 7331 та сайлов участкаси очилди. 250 депутатлик мандати учун 1,6 минг номзод кураш олиб боришди.

Сурия ОАВда берилган ахборотларга қараганда, кўплаб фуқаролар сайлов участкаларига овоз бериш вақтидан олдинроқ келиб туришган.

Халқ кенгашига бу галги сайловларнинг ўзига хос янгилиги сифатида депутатликка номзоди кўрсатилган ҳукмрон Араб социалистик тикланиш партияси –"Баас" вакилларини сайлаш жараёни демократлашгани эътироф этилмоқда. Зеро, бу йил улар одатдагидек партия марказий раҳбарияти қарори билан эмас, балки минтақавий бўлинмалар конференциялари орқали сайланишди.

Сурия қонунчилигига мувофиқ, парламент сайловлари округларга бўлинган ҳолда фақат Сурия ҳудудида ўтказилади. Фуқаролар фақат ўзларининг доимий яшаш жойидагина овоз бериш ҳуқуқига эга. Истисно тариқасида уруш давом этаётган пайтда бўлиб ўтган барча сайловларда террорчилар томонидан босиб олинган ҳудудлардан чиқиб кетишга мажбур бўлган қочоқлар учун овоз бериш имкони яратилган. Масалан, ҳукумат Идлиб ва Ракка провинциялари аҳолиси учун улар вақтинча яшаб турган жойларда қўшимча равишда махсус сайлов қутилари ташкил этди. Ватандан ташқаридаги Сурия фуқаролари эса қонунчиликка кўра, овоз бериш жараёнида иштирок эта олмайдилар.