Муқаддас Рамазон ойини муносиб нишонлаш, аҳолига қулайлик яратиш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг сунъий ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида Президентимиз қарори асосида республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилгани каби Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида ҳам арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Ярмаркаларда 30 турдан ортиқ асосий истеъмол маҳсулотлари – гўшт, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи-пиёз, тухум ва бошқа озиқ-овқатлар бозор нархига нисбатан ўртача 15–25 фоиз арзон нархларда таклиф этилмоқда. Айрим маҳсулотлар бозордаги нархга нисбатан анча арзон бўлиб, аҳолига қулайлик яратилган. Масалан, Гулистон шаҳридаги Янги деҳқон бозорида харидорларга мол гўшти килоси 70–90 минг сўм, писта ёғи литри 20 минг, пахта ёғи 18 минг, шакар килоси 12,5 минг, гуруч 10–15 минг, тухум донаси 1000–1100 сўм, пиёз килоси 2–3 минг, сабзи 3–4 минг, картошка 4 минг сўмдан сотилмоқда.
[gallery-27828]
Нарх барқарорлиги ва очиқлик таъминланмоқда. Маҳсулотлар тўғридан-тўғри ишлаб чиқарувчи ва фермер хўжаликлари томонидан олиб келинади, бу эса ортиқча воситачиликка чек қўяди. Шунингдек, сифат назорати ҳам кучаяди. Савдо нуқталарида нархлар очиқ эълон қилинган бўлиб, масъул идоралар томонидан доимий мониторинг олиб борилмоқда.
Ярмаркалардан харид қилаётган фуқаролар бундай ташаббусни мамнуният билан қарши олмоқда.
– Рамазон ойида рўзадорлар учун дастурхон тўкин бўлиши муҳим. Гулистон шаҳридаги Янги бозорда ташкил этилган арзонлаштирилган ярмаркаларда нархлар барқарорлиги биз учун катта енгиллик бўлди, – дейди Боёвут туманининг Янги авлод маҳалласида истиқомат қилувчи Муниса Назирова. – Айниқса, асосий маҳсулотларни арзонроқ харид қилаётганимиздан хурсандмиз.
— Бозорда айрим маҳсулотлар нархи кўтарилиб кетиши мумкин. Сирдарё туманининг Бахт деҳқон бозорида ташкил этилган арзонлаштирилган ярмарка эса бунга йўл қўймаяпти. Оила бюджети учун сезиларли фарқ бор. Бу эътибор учун аввало давлатимиз раҳбарига раҳмат, — дейди Сайхунобод тумани Паймарт маҳалласида истиқомат қилувчи Абдуллажон Айхунбоев.
Мутахассислар фикрича, бундай ярмаркалар аҳолини қўллаб-қувватлаш билан бирга, ички бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантиради. Натижада нархлар асоссиз ошиши чекланади ва талаб ҳамда таклиф ўртасидаги мувозанат таъминланади.
Қисқаси, Рамазон ойи муносабати билан ташкил этилган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари аҳолига қулайлик яратиш, ижтимоий барқарорликни таъминлаш ва инсон қадрини улуғлаш йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлмоқда.
Ғулом Примов, Шуҳрат Юнусов (сурат), ЎзА