Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Арзонлаштирилган ярмаркалардаги маҳсулот нархи харидорларга маъқулми?
13:46 / 2023-12-27

Барчамизга маълум, Янги йил байрами яқинлашган сари бозорларда маҳсулотларга талаб ошади. Ҳатто айримлар байрам харидини 10-15 кун олдин ҳам бошлаб юборади. Албатта, бунда нарх-навонинг барқарор бўлиши муҳимдир.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 12 декабрь куни қиш мавсумини беталафот ўтказиш бўйича вазифаларнинг бажарилиш ҳолати муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилишида Янги йил байрами олдидан аҳоли фаровонлиги учун шароитларни янада яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.  

Янги йил байрами арафасида ички истеъмол бозорини асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳрининг бир қанча бозорларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди. Ярмаркаларда республикамиздаги боғбон, деҳқон ва фермер хўжаликлари дала майдонларида етиштирилган сифатли маҳсулотлар арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда.  

Хўш, ярмаркаларда қандай маҳсулотлар сотилмоқда? Белгиланган нархлар харидорларга маъқулми?  

Пойтахтнинг “Фарҳод" ва “Юнусобод” деҳқон бозорлари ҳудудида ташкил этилган арзонлаштирилган ярмаркаларда 40 турдан зиёд озиқ-овқат, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик, қишлоқ хўжалиги ҳамда қандолатчилик маҳсулотлари арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда. Тақдим этилаётган маҳсулотлар сифатидан ва белгиланган нархдан аҳоли мамнун.  

Қайд этиш лозимки, мазкур ярмаркалар нафақат байрам олди, балки йил давомида фаолият кўрсатади.  

Маълумот ўрнида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 февралдаги “Ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш ва аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида маҳсулотлар нархининг асоссиз равишда ўсиб кетишининг олдини олиш ва уларни узлуксиз равишда етказиб бериш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилган.  

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/5d48BmQD3_s" title="Arzonlashtirilgan yarmarkalardagi mahsulot narxi xaridorlarga maʼqulmi?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА