Янги йил байрами олдидан Андижон шаҳридаги қатор маҳалла гузарлари, аҳоли гавжум масканларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Ярмаркаларда деҳқон ҳамда боғбонлар томонидан етиштирилган сархил мевалар, шунингдек, асал, сут, тухум, гўшт, балиқ, умуман, 50 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нисбатан арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда.
Янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш, андижонликларнинг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш, нарх-наво кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган савдо ярмаркаларидан аҳоли мамнун бўлмоқда.
[gallery-20836]
– Маҳалламиз гузарида арзонлаштирилган савдо ярмаркаси ташкил этилган, – дейди Андижон шаҳридаги Машъал маҳалласида яшовчи, меҳнат фахрийси Салимахон Салоҳиддинова. – Байрамолди ярмаркаларида сотилаётган маҳсулотларнинг бозор нархидан бирмунча арзонлиги, маҳсулотлар пластик карталар орқали ҳам сотилаётганлигидан хурсандмиз.
Андижон шаҳридаги савдо ярмаркалари ташкил этилган, оммавий байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган ҳудудларда янги йил байрами арчалари ўрнатилиб, ҳар оқшом турли кўнгилочар байрам тадбирлари ўтказилади.
Аҳолига қулайлик яратиш билан бирга халқимизнинг байрам кайфиятини кўтаришга хизмат қилаётган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари Андижон шаҳрининг 16 та ҳудудида ташкил этилади.
Ф.Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.