French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари
12:11 / 2025-12-09

Юртимизнинг барча жойларида тобора яқинлашиб келаётган Янги йил шодиёналарига тайёргарлик аллақачон бошлаб юборилган.

Хоразм вилоятида ҳам байрам арафасида юртдошларимизни арзон ва сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.  

Урганч марказий деҳқон бозори ҳудудида ташкил этилган ярмаркада деҳқон ва фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган, шунингдек, хориждан импорт қилинган кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолига қулай нархларда таклиф этилмоқда.  

—Ярмаркалар вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида уюштирилган  бўлиб, уларда асосий турдаги 19 хил озиқ-овқат маҳсулотлари, 20 дан ортиқ мевалар, 10 дан ортиқ сабзавотлар, қўй, мол ва парранда гўштлари, балиқ, ун, ёғ  ва сут маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда, — дейди  Агросаноатни ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими бошлиғи Рўзибек Юсупов. — Буни белгиланган ходимлар тегишли тартибда назорат қилиб бормоқда. Мақсадимиз байрам арафасида аҳоли дастурхонининг тўкинлигини, бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлашдир.    

[gallery-26637]

Ярмаркаларда маҳсулотларнинг совуқ кунларда зарарланмаслиги учун савдо расталари атрофи ёпилгани сотувчи ва харидорлар учун ҳам қулайлик туғдирмоқда. Урганчликлар эса бундан мамнун.  

—Ярмарка расталарида аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган сабзавот, полиз маҳсулотлари, маҳаллий ва цитрус мевалар, гўшт, ун, шакар каби жуда кўплаб озиқ-овқат маҳсулотлари ўрин олган. Куннинг исталган вақтида келиб харидларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар мавжуд, — дейди Клара Эгамова.  – Айнимайдиган маҳсулотларни ҳозирдан харид қилиб қўйдим. Гўшт ва сут маҳсулотларини сал кейинроқ сотиб оламан. Чунки, бундан ўн йиллар олдинги даврлардаги каби икки ой олдиндан байрам харажатларини йиғишни бошлаш энди шарт эмас. Бу ярмаркада байрам арафасида ҳам маҳсулотлар қимматлашиб кетмайди. Бунга кейинги йилларда кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз. Бу ерга маҳсулотларини етказиб бераётган фермер ва ишлаб чиқарувчиларга миннатдорчилик билдираман.  

Хулоса қилиб айтганда, вилоятда фаолият юритаётган арзонлаштирилган ярмаркаларда кундалик эҳтиёж учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари бозордагидан арзон нархларда сотилаётир. Арзонлаштирилган ярмаркаларнинг иш бошлагани байрам арафасида бозорлардаги нарх-наво асоссиз ошиб кетишининг олдини олишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.  

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари