Янги йил байрами олдидан Андижон шаҳридаги 14 та маҳалла гузарида, аҳоли гавжум масканларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Шу кунларда юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Андижонда ҳам янги йил байрами шукуҳи кезмоқда. Жойларда байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш учун зарур ишлар олиб борилмоқда. Андижон шаҳридаги оммавий байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган ҳудудларда янги йил байрами арчалари ўрнатилиб, турли кўнгилочар тадбирлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, андижонликларнинг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш, нарх-навони кескин ортиб кетишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган савдо ярмаркаларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзон нархларда сотилиши йўлга қўйилди.
Ярмаркаларда деҳқону боғбонлар томонидан етиштирилган сифатли ва сархил мевалар, сабзавот ва полиз, шунингдек, 50 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидорларга тақдим этилмоқда.
Байрамолди ярмаркаларида мол гўштининг килоси 90 минг сўм, писта ёғининг бир литри 20 минг сўм, шакарнинг килоси 11 минг сўм, умуман, сотилаётган барча маҳсулотлар бозор нархидан 20-30 фоиз арзонлигидан аҳоли мамнун бўлмоқда.
– Маҳалламиз ҳудудида асосан кўп қаватли уйлар жойлашган, – дейди Андижон шаҳридаги “Иқбол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, меҳнат фахрийси Равшанбек Аҳмедов. – Янги йил байрами савдо ярмаркаси кўп қаватли уйларда яшовчилар учун катта қулайлик яратди. Ярмаркаларда аҳоли учун энг зарур озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нисбатан арзон нархларда сотилаётганлигидан барча хурсанд.
[gallery-26703]
Бундан ташқари, ярмаркалар ташкил этилган гузарларда ҳар оқшом шаҳар маданият бўлими ҳамда ижодий жамоалар томонидан кўнгилочар тадбирлар ташкил этилаётганлиги аҳолининг байрам кайфиятини кўтармоқда.
Аҳолига қулайлик яратиш, халқимизнинг байрам кайфиятини кўтаришга хизмат қилаётган арзонлаштирилган савдо ярмаркалари янги йилнинг 5 январига қадар давом этади. Бу каби ярмаркалар вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларида ҳам ташкил этилди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари