Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари иш бошлади
13:51 / 2025-08-16

Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами муносабати билан Сурхондарё вилоятидаги озиқ-овқат бозорларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Байрамолди ярмаркаларида аҳолига турли қишлоқ хўжалиги ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда таклиф этилмоқда. Шунингдек, нарх-наво барқарорлигини таъминлаш учун мутасаддилар бозорларда бўлиб, савдо ярмаркалари билан яқиндан танишмоқда.

Ангор тумани ҳокими Қ.Мардонов, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Зокиров, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Нармонов Ангор деҳқон бозорида бўлиб, бу ерда иш бошлаган савдо ярмаркасини кўздан кечирди. Харидорлар ва сотувчиларга яратилган шароитлар, маҳсулотлар сифати, тури ва нархлари ўрганилди.  

Денов тумани ҳокими И. Аброров, туман прокурори Ф. Холиқов ва туман ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш. Нормуротов “Денов барака яшил олами” савдо мажмуасида хизмат кўрсатаётган савдо ярмарка билан яқиндан танишиб, расталарни айланди. Маҳсулотларнинг сифати ва нархлари билан қизиқди. Тадбиркорлар ва харидорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

Ўрганишлар чоғида бозорларда нарх-навони асоссиз оширмаслик, тозалик ва осойишталикни сақлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги арзонлаштирилган савдо ярмаркаларида бир килограмм мол гўшти 80 сўм ва қўй гўшти 90 сўмдан сотилмоқда. Шунингдек, бошқа асосий турдаги озиқ-овқат ва даладан тўғридан-тўғри олиб келинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам арзон нархларда харид қилинмоқда.  

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири