Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари аҳоли хизматида
14:57 / 2025-12-29

Айни кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Янги йил байрамига тайёргарлик ишлари жадал олиб борилмоқда. Буни юртимиз бозорларидаги гавжумлик, байрамона безатилган кўчалар, энг муҳими, юртимиз аҳолисининг юз-кўзларидаги қувонч ва бахтиёрликдан яққол ҳис этиш мумкин.

Байрам арафасида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш ҳамда харидорларга қулай шарт-шароит яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда вилоятимизда Янги йил байрами олдидан арзонлаштирилган савдо ярмаркалари кенг миқёсда ташкил этилди.

Байрам арафасида аҳолини сифатли ва арзон маҳсулотлар билан таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш мақсадида Навоий вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 10 декабридан бошлаб шаҳар ва туманлар марказларида арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилган. 

Ярмаркаларда гўшт ва гўшт маҳсулотлари, паррандачилик маҳсулотлари, тухум, сут ва сут маҳсулотлари, ун, гуруч, қандолат маҳсулотлари, мева-сабзавот ҳамда бошқа асосий истеъмол товарлари бозор нархларига нисбатан анча арзон нархларда таклиф этилмоқда. Шу билан бирга, маҳсулотлар сифати ва санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши тегишли ташкилотлар томонидан доимий назоратга олинган.

– Бугунги кунда шаҳар ва туманларда жами 18 та арзонлаштирилган ярмарка фаолияти тўлиқ йўлга қўйилган, – дейди вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт ва тадбиркорлик котибияти мутахассиси Достонбек Наимжонов. – Ярмаркаларда 320 дан ортиқ савдо қилувчи тадбиркорлик субъектлари бириктирилган бўлиб, уларга барча шароитлар яратиб берилган. Сотилаётган маҳсулотлар бўйича санитария гигиена қоидаларига риоя қилиниши устидан тегишли ташкилотлар назорати йўлга қўйилган. Аҳолимизга қулай бўлиши учун арзонлаштирилган ярмаркаларда сотувчилар 160 та назорат касса машинаси ва тўлов терминаллари билан таъминланган савдо нуқталари ташкил этилиб, уларда доимий назоратни ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш ва мониторингини юритиш мақсадида 70 нафар масъул ходим бириктирилган.

Байрамона муҳит, маҳсулотлар сифати, чўнтакбоп нархлар ва сотувчиларнинг хушмуомалалиги – харидорлар учун энг муҳим омиллардан. Бу борада яратилган шароитлардан аҳоли мамнун.

– Арзонлаштирилган ярмаркаларнинг Янги йил байрами олдидан ташкил этилгани айни муддао бўлмоқда, – дейди карманалик Гулбону Жўраева. – Бу ярмаркаларнинг ҳар йили бўлиб ўтиши чиройли анъанага айланган. Энг муҳими, байрам дастурхони учун зарур бўлган барча маҳсулотларни бир жойдан, арзон ва сифатли ҳолда харид қилиш мумкин. Мен доим гўшт, тухум, парранда маҳсулотлари ва шакарни айнан шу ердан оламан. Сифати яхши, нархлари ҳам чўнтакбоп.

Айни пайтда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида етарли миқдорда захиралар ҳам шакллантирилган. Хусусан, 2025-2026 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун жами 14,3 минг тонна асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, 5,1 минг тонна картошка, 4,3 минг тонна сабзи, 3 минг тонна пиёз ва 2 минг тонна гуруч маҳсулотлари захира қилинган. Бу захиралар нархлар кескин ошишининг олдини олиш, бозорда барқарорликни сақлашга хизмат қилади.

Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги 310 та маҳалланинг ҳар бирида кўчма савдо дўконлари ташкил этилган. 

Арзонлаштирилган савдо ярмаркалари 2025 йилнинг 5 январига қадар ўз фаолиятини давом эттиради. Бу эса Янги йил байрами кунларида аҳоли учун қўшимча қулайлик, тўкин дастурхон ва кўтаринки кайфиятни таъминлашга хизмат қилади.

А.Бўриев, ЎзА мухбири