Тошкент вилояти туман ва шаҳарларидаги деҳқон бозорлари, йирик савдо мажмуалари ва маҳалла гузарларида жорий йилнинг 10 март санасидан 25 мартга қадар Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан савдо ярмаркалари ташкил этилган.
Бу халқимизни асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, бозорлардаги нархлар барқарорлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда жойлардаги 22 та деҳқон бозорининг 16 тасида доимий савдо ярмаркалари фаолият юритмоқда. Шунингдек, 374 та савдо ўринларидан иборат озиқ-овқат савдо ярмаркалари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Улар 28 турдаги маҳсулотлар билан кафолатли таъминланган. Хусусан, расталарда 1 килограмм мол ва қўй гўшти ўртача – 55-58 минг сўм, товуқ гўшти ўртача 21 минг сўм, картошка ўртача – 3,5 минг сўм, пиёз ўртача 2 минг сўмдан сотилмоқда. Қолган озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам арзонлаштирилган нархларда харид қилиш мумкин. Кунлик мониторинг қилиш асосида нарх ошиши эҳтимоли юқори бўлган маҳсулотларни бошқа ҳудудлардан етарлича етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Жорий йилнинг 15 март ҳолатига кўра, ярмаркалар 16.3 тонна мол гўшти, 5.1 тонна қўй гўшти, 89. 8 тонна картошка, 37 тонна пиёз, 27 тонна сабзи, 5.9 тонна товуқ гўшти маҳсулотлари, 237 минг 150 дона тухум, 18.5 тонна гуруч ва 10.4 тонна шакар, 11.5 тонна ўсимлик ёғи, 10 тонна тирик балиқ, 16.5 тонна ҳар-хил сабзавотлар, 19.5 тонна мевалар, 7,3 тонна макарон ва бошқа турдаги маҳсулотлар билан кафолатли таъминланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори асосида ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига четдан келтирилган ва захирада сақланаётган истеъмол картошкасини 8 та туман ва шаҳарлардаги деҳқон бозорларида “Хазина боғ мевалари” МЧЖ томонидан 3 минг 500 сўмдан картошка маҳсулоти етказиб берилмоқда.


А.Мусаев, ЎзА