Аҳолини зарур турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, озиқ-овқат товарларига бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида Тошкент шаҳридаги 12та деҳқон бозори ва 1та қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозорининг ҳар бирида шу кунларда Мустакиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан байрам олди арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда.
Жумладан, Сергели деҳқон бозорида алоҳида жой ажратилиб, Қашқадарё ва Тошкент вилояти фермер, деҳқон хўжаликларидан тўғридан-тўғри маҳсулотлар махсус байрамона безатилган расталарга чиқарилмоқда. Бу эса ўз навбатида нархларнинг мувозанатини таъминлаб, аҳолига байрам кайфияти улашяпти.
- Тошкент шаҳри аҳолисини арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида ташкил қилинган ярмаркада Қашқадарёдан чорвадорлар ва фермерлар орқали олиб келинаётган маҳаллий мол гўштини 70 минг сўмдан, қўй гўштини 75 минг сўмдан бир килограмми сотиляпти, - дейди Қашқадарё вилоятидан Сергели деҳқон бозорига бириктирилган вакил Ислом Боймирзаев. – Бир кунда ўртача 450-550 килограммгача гўшт сотиляпти. Қашқадарёдан чорва олиб келиниб, қушхонада сақланади ва ҳар кунлик гўшт талабга қараб бозорга олиб чиқилади. Бундан ташқари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан пиёз, қовун, тарвуз, картошка ва бошқалар ҳам бозордаги нархлардан арзон сотишни ташкил қилганмиз.
Байрам тадориги билан юрган харидорлар ва сотувчиларнинг фикрлари билан қизиқдик. Улар арзонлаштирилган байрам ярмаркалари фаолиятидан мамнун эканликларини билдиришди. Бозор маъмурияти харидор ва сотувчиларга қулайлик яратиш учун катта тайёргарлик кўрди. Бир кунда ўртача1.5-2 тонна картошка, 1-1.5 тонна пиёз, 500-600 килограмм сабзи, 1 тонна полиз, 200-300 килограмм гуруч ҳамда бошқа аҳоли эҳтиёжи учун зарур маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда халқимиз дастурхонига тортиқ қилинмоқда.
Бош Прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг барқарор сақлаб қолиш мақсадида, “Даладан дастурхонгача” тамойили асосида деҳқон ва фермер хўжаликларидан маҳсулотлар тўғридан-тўғри етказиб берилишига аълоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари барча бозорларда жамоатчилик назорати масканлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг фаолияти ҳам нархларга ижобий таъсир этаётир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/5udFIfkX6D0?si=RT3AQgZSqdtSs5cj" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА