Навоий шаҳрида жойлашган ФҲДЁ ва Нотариал архивлар биносида “Ўзархив” агентлиги томонидан 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда “Ўзархив” агентлиги директори Улуғбек Юсупов агентлик томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан ахборот берди.
Анжуманда таъкидланишича, архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва электрон сақлов тизимларини такомиллаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, миллий ва республика архивлари томонидан миллионлаб кадр ҳужжатлар рақамлаштирилган бўлиб, ахборот тизимига кенг қамровли маълумотлар киритилмоқда.
Архив фаолиятини янада рақамлаштириш мақсадида турли форматдаги ҳужжатларни сканер қилиш учун замонавий техник ускуналар харид қилинди. Шунингдек, микроплёнкалардаги ҳужжатларни рақамли кўринишга ўтказиш ишлари ҳам давом этмоқда.
[gallery-24439]
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида давлат архивлари сақловига турли йўналишлардаги архив ҳужжатлари қабул қилиниб, фуқаролар ва ташкилотлар томонидан юборилган ижтимоий-ҳуқуқий сўровлар тезкорлик билан кўриб чиқилди.
Архив соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси билан БАА ҳукумати ўртасида Ўзбекистон Миллий архивининг янги биносини қуриш ва жиҳозлаш бўйича грант келишуви тузилди. Шунингдек, Бухорода Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида архив фотоҳужжатлар кўргазмаси ҳамда қўшма нашрлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Илк маротаба Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишлаб, “Ўзбекистон матбуоти архив ҳужжатларида” мавзусидаги фотокўргазма ташкил этилди. Унда 1928–2021 йилларга оид тарихий суратлар ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА томонидан тақдим этилган юртимиз матбуоти ва оммавий ахборот воситаларининг ривожланишини акс эттирувчи 150 дан ортиқ фотоҳужжатлар намойиш этилди.
Матбуот анжуманида Навоий вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси томонидан ҳудудда амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумотлар тақдим этилди. Таъкидланишича, ҳужжатларни рақамлаштириш, таъмирлаш ва тикиш, шунингдек, бошқарув ва шахсий таркиб ҳужжатларини давлат сақловига қабул қилиш ишлари изчил олиб борилди.
Шунингдек, бир қатор ташкилот ва корхоналарда архив ишини ташкил этиш бўйича ўрганишлар ўтказилиб, амалий ва услубий ёрдам кўрсатилди.
Тадбир якунида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари