Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Ўзархив” агентлиги томонидан 2025 йил давомида соҳада амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда архив соҳасини рақамлаштириш, фуқароларга хизмат кўрсатиш, норматив база яратиш, халқаро ҳамкорлик ва давлат назорати йўналишларида эришилган асосий натижалар ҳақида маълумот берилди.
Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантиришнинг 2025 йилга мўлжалланган режаси 21 та кўрсаткичлар бўйича бажарилиб, шундан 20 та кўрсаткич бўйича ошириб бажарилган.
Ҳисобот даврида 12 минг 591 та бошқарув, 1 минг 439 та шахсий таркиб, 77 та сақлаш муддати вақтинча бўлган ҳужжатлар рўйхатларининг электрон нусхалари яратилди. 2025 йилда давлат архивлари томонидан 15,2 миллион кадр архив ҳужжатларининг электрон нусхалари яратилди. Ўзбекистон миллий архивлари ва давлат архивлари томонидан “Давлат архивларида рақамлаштирилаётган ҳужжатларнинг ягона сақловини таъминлаш ҳамда улардан фойдаланиш” ахборот тизимига жами 1,29 миллионта маълумот киритилди.
[gallery-27328]
Давлат архивлари томонидан архив ҳужжатларининг электрон нусхасини вақтинчалик сақлаш ва мониторинг қилиш “E-saqlov” ахборот тизими жорий қилинди. Ушбу тизимга давлат архивларининг 350 нафар ходимлари томонидан 2026 йил 19 январь ҳолатига 65 миллион кадрдаги архив ҳужжатлари жойлаштирилди.
“Архив иши” ахборот тизимида 700 нафардан зиёд Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) филиаллари масъул ходимлари рўйхатдан ўтказилди. Ҳозирда Давлат архивлари томонидан ерга оид сўровларга жавоб берилганда кадастр ходимлари томонидан ушбу жавобнинг асос ҳужжатларини текшириш имконияти яратилди.
Ахборот-коммуникация технологиялари йўналиши бўйича 123 нафар архив ходимларининг билим ва кўникмалари оширилди.
Ўтган йил давомида республика архивларига 557 минг 975 та мавзули ва ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушган. Архив ҳужжатлари асосида 283 минг 953 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар ижроси бажарилиб, улардан 264 минг 326 таси ижобий, 19 минг 627 таси бўйича эса тегишли тушунтиришлар берилган.
Ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмаган ва тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган сўровлар 115 минг 155 тани, ҳисобот даврида ижродагилар 9 минг 976 тани ташкил этади. Архив ҳужжатлари асосида 148 минг 891 та мавзули сўровлар ижроси бажарилиб, улардан 120 минг 962 таси ижобий, 27 минг 929 таси ташкилот ҳужжатлари архив сақловига келиб тушмагани бўйича тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, 355 та давлат органи ва ташкилотларида архив иши ва иш юритиш ҳолати устидан давлат назорати тадбирлари ўтказилди. Давлат назорати тадбирлари натижасида 342 та ташкилотга кўриб чиқиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритилди, текширишда аниқланган қонунбузилишлари бўйича 77 нафар масъул ходимга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли суд органларига юборилди ҳамда архив иши ҳудудий бошқармалари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 5 та материал юборилди.
Архив иши ва иш юритиш соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадида хорижий ва маҳаллий ташкилотлар билан 7 та ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган.
Агентлик ва унинг тизимидаги муассасаларга хорижий давлатлар дипломатик корпуслари ва ташкилотларидан 13 та делегацион ташрифлар амалга оширилган.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА