Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Архив иши тўғрисида”ги қонуннинг ўн бир йиллиги
23:37 / 2021-06-15

Пойтахтимизда “Ўзархив” агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Архив иши тўғрисида”ги қонуни қабул қилинганлигининг 11 йиллиги муносабати билан “Қонуннинг устуворлиги жамият учун хизмат қилади” мавзуидаги давра суҳбати бўлиб ўтди.

Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти масъуллари, Ўзбекистон миллий архиви, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари ходимлари иштирок этган тадбирда “Архив иши тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниш моҳияти, унинг мақсад ва вазифалари,соҳани ривожлантириш ҳақидаги ҳамда  соҳадаги айрим муаммоларнинг ҳуқуқий ечимлари тўғрисида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда қонунга мувофиқ 3 та Ўзбекистон миллий, 101 та давлат ҳамда 123 та шахсий таркиб ҳужжатлари давлат архивлари фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона, Наманган, Навоий, Бухоро вилоятларида давлат архивларининг янги бинолари фойдаланишга топширилди.Ҳозир архивларда жами 16,4 миллиондан ортиқ сақлов бирлигидаги архив хужжатлари сақланиб келмоқда.

Тадбирда қонунга мувофиқ амалга оширилган ишларнинг энг муҳим жиҳатларига эътибор қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармон ва қарори қабул қилиниб, архив иши ва иш юритиш соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичи бошлаб берилганлиги эътироф этилди. Унга кўра, 2020 йилда қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, архив биноларидан самарали фойдаланиш, архив ҳужжатларини давлат архивларига топширишда электрон нусхаларининг талаб этилиши каби янги қоидалар мустаҳкамланганлиги соҳада ягона давлат сиёсатини юритишга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.

–Сўнгги йилларда архив иши ва иш юритиш соҳасида халқаро ҳамкорлик кучайтирилди, –деди “Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев. –Маданий мерос объектларига бўлган қизиқиш ортгани сари халқаро ҳамжамиятда архив ҳужжатларига бўлган муносабат ортиб ҳам бормоқда. Жумладан, Европа давлатлари, Америка Қўшма Штатлари,  Осиё мамлакатлари ҳамда МДҲ давлатлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, архив иши соҳаси Ўзбекистон тажрибаси ўрганилмоқда.  Миллий архив фонди алоҳида қимматли ҳужжатларининг электрон шаклини яратиш ишлари жадаллаштирилишига эришилди. Архивлар томонидан ташкилот ва корхоналар учун соҳага оид ички норматив ҳужжатлар тайёрланиб,  ишни ривожлантиришда Интернет тармоғидан фойдаланишнинг техник имкониятлари янада кенгайтирилди.

Шунингдек, давра суҳбатида келгусида қонунга киритиладиган янги таклифлар кўриб чиқилди. Хусусан, электрон архив соҳасини ривожлантириш, қонуннинг айрим моддаларини янги таҳрирда баён этиш, архивчи-ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини ташкил этишда янги қоида ва нормаларни киритиш каби таклифлар ишлаб чиқилиши зарурлиги таъкидланди.

Гулноза Бобоева, ЎзА