Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Архитектура-қурилиш соҳасида кафолатланган иш ўринлари
11:49 / 2023-08-08

Президентимизнинг “Архитектура-қурилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда Тошкент архитектура-қурилиш университети талабаларининг билим ва малакаларини ошириш мақсадида ўқув курслари жорий этилди.

“INVESCO ASIA“ МЧЖ (Қозоғистон) томонидан ташкил этилган курсларнинг очилиш маросимида соҳада катта тажрибага эга кўплаб халқаро экспертлар, олимлар, қурилиш фирмалари ва соҳа ходимлари иштирок этди.  

Маълумки, ҳозирги шиддаткор даврга ҳамоҳанг илм-фан, техника ҳам шитоб билан ривожланмоқда. Натижада ҳаётимизга замонавий технологиялар тобора чуқурроқ кириб, унинг самаралари ҳамма жабҳада ўз аксини топаётир. Бу, айниқса, қурилиш соҳасида янги усул ва ёндашувлар пайдо бўлишига катта туртки бўлмоқда, шаҳарсозликда инновацион лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Замонавий қурилиш ривожланаётгани боис, қурилиш соҳасида бино ва иншоотларнинг фасад қисми ҳам пишиқ ва замонавий кўринишда бўлиши муҳим аҳамиятга эга.  

[gallery-13050]

– Халқаро даражада ўз ўрнига эга бўлган “INVESCO ASIA“ МЧЖ вакилларининг университет билан яқиндан ҳамкорлик қилаётгани, талабаларнинг имкониятларини оширади, – деди Тошкент Архитектура-қурилиш университети ректори Эрcан Каҳя. – “INVESCO ASIA“ МЧЖ вакиллари олийгоҳимизда уй-жой ва иншоотлар фасади ремонти бўйича курслар очиш бўйича таклиф билдирди. 3 ой давом этадиган мазкур курсда тингловчиларга сертификатлар топширилади ҳамда муваффақиятли битирувчилар иш билан таъминланади. Энг муҳими, мазкур курсларни тамомлаган талабалар пухта билим олиб, яхши маошли ишларга жойлашиши кафолатланади.   

– Бугунги тадбирда “INVESCO ASIA“ МЧЖнинг иш фаолияти билан яқиндан танишдим, – деди Тошкент архитектура-қурилиш университети талабаси Бунёджон Даниқулов. – Ушбу компания ўзининг қурилиш техникаси, методи билан жуда машҳур. Компаниянинг халқаро миқёсидаги қурилиш материаллар саноати ва уларнинг конструкциясини ривожлантириш бўйича ишланмаларни мамлакатимизга ҳам татбиқ этиш таклифлари борлигидан хурсанд бўлдим. Ушбу компания томонидан университетимизда ташкил этиладиган курсда ўқимоқчиман. Аҳамиятлиси, бу курслар бепул. Курсларда пухта таълим берилиб, курсни тамомлаган талабаларга сертификат тақдим этилар экан. Шунингдек, иш ўринлари яратиб бериш кафолатланади.  

 

Шаҳноза Маматуропова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА