Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Археологик жойлар маданий туризмни ривожлантириш катализаторига айланиши мумкин
11:46 / 2021-09-17

Нукусда ЮНЕСКО шафелигида «Археология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш» халқаро археология анжумани ўзи ишини бошлади.

Маҳаллий ва хорижлик мутахассислар қатнашаётган мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт ишлари вазирлиги, ЮНЕСКО бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти (МОХТИ) томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши кўмагида ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов ва бошқалар тарихий ва маданий меросни, хусусан, археология ёдгорликларни ўрганиш, асраш, улардан фойдаланиш, оммалаштириш ва барқарор бошқариш бўйича масалаларга ечим топишга интилиш анжуманнинг асосий моҳияти эканига эътибор қаратди.

Анжуманда қайд этилганидек, олиб борилаётган мажмуавий ишларни акс эттирувчи энг муҳим қадамлардан бири - ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарих ва маданиятнинг ноёб объектлари учун бир нечта номинацияларни тайёрлаш бўлди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон олимлари ва тадқиқотчиларини бирлаштирган “Буюк Ипак йўли: Зарафшон-Қорақум йўлакчаси” ва “Қадимги Хоразм мероси” трансмиллий туркум номинациялари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан “Миздоқхон учтепаси” индивидуал номинацияси шулар жумласидан.

Мамлакат бўйлаб олиб борилаётган тадқиқот ишлари доирасида мазкур анжуман Марказий Осиё учун археологик меросни ўрганиш ва асраш муаммолари ва вазифаларини ҳар томонлама ва батафсил муҳокама қилиш учун ягона платформага айланиши кўзда тутилган. Катта салоҳиятга эга бўлган археологик жойлар миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда маданий туризмни ривожлантириш катализаторига айланиши мумкин.

Тадбирларда иштирок етиш учун археология ва тарихий-маданий мерос соҳасидаги элликдан ортиқ таниқли мутахассислар, машҳур олимлар ва амалиётчилар таклиф этилган.  

Халқаро анжуман давом этмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА