Жиззах вилоятининг Фориш тумани ҳудудида жойлашган Нурота давлат қўриқхонасида ўтказилган навбатдаги илмий мониторинг натижалари табиатни муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини яна бир бор тасдиқлади. Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси тасарруфидаги мазкур қўриқхона ҳудудида Қизилқум архарлари сони барқарор ўсиш босқичига киргани қайд этилди.
Мутахассислар фототузоқлар, масофавий кузатувлар ва дала тадқиқотлари асосида олиб борган ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда қўриқхона ҳудудида архарлар сони тахминан 1700–1800 бошни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич турнинг табиий муҳитга муваффақиятли мослашаётгани ва муҳофаза чоралари тизимли йўлга қўйилганидан далолат беради.
Қизилқум архари заиф ва қисқариб бораётган, тарқалиш ҳудуди чекланган кенжа тур сифатида Ўзбекистон Қизил китоби ҳамда Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқи Қизил рўйхатига киритилган. У асосан тоғларнинг ўрта ва юқори қисмида — денгиз сатҳидан 500–2000 метр баландликларда пода бўлиб яшайди. Қиш фаслида эса тоғ этаклари ва водийларга тушиб, озуқа излайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда биохилма-хилликни асраш, қўриқланадиган табиий ҳудудлар майдонини кенгайтириш ва ноқонуний овчиликка қарши курашни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани маълум. Қўриқхонада олиб борилаётган қатъий назорат, илмий ёндашув ва замонавий мониторинг усуллари ана шу давлат сиёсатининг амалий ифодасидир.
Маълумотларга кўра, 1973 йил декабрь ойида ташкил этилган мазкур қўриқхона Нурота тоғ тизмасининг марказий қисми ва шимолий ёнбағирларини қамраб олади. Ҳудудда жами 247 турдаги ҳайвон учрайди. Уларнинг 31 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган бўлиб, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар сифатида муҳофаза қилинади.
Бугун Фориш тоғларида архарларнинг эркин ҳаракатланаётгани табиат ва инсон ўртасидаги мувозанат мустаҳкамланаётганининг ёрқин далилидир. Бу натижа тасодиф эмас, балки узоқ йиллик изчил меҳнат, масъулият ва экологик маданият самарасидир.
Зеро, табиатни асраш — келажак авлод олдидаги юксак бурч. Жиззах заминида Қизилқум архарлари сонининг барқарор ўсиши эса ана шу бурчга садоқат билан ёндашилаётганининг амалий исботидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири