Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун артезиан қудуқларини қазиш, дарёлар, каналлар ва бошқа сув ҳавзаларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатишга давлат бюджети ҳисобидан субсидия ажратиш давом этмоқда.
Бунда 2020 йилнинг 30 июлида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғоришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.
Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ бўлган ҳар бир гектар харажатларининг 50 фоизи, яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган ҳолда субсидия берилмоқда.
Мисол учун, ҳар гектар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробари яъни 10 миллион атрофида берилади. Ёки насос билан чиқарилса, 100 гектарга 1 миллиарддан кўпроқ маблағ берилади. Бундай имконият кўпчиликнинг оғирини енгил қилиши шубҳасиз.
Ҳеч кимга сир эмаски, Бухоро вилоятида ҳам сув масаласида бир қатор муаммолар мавжуд. Ана шуни ҳисобга олган Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Бухоро вилояти вакиллари жорий йилда 397 та артезиан қудуқ қазишни режага киритган эди. Айни вақтда 50 тадан ортиқ артезиан қудуқ қазилиб, 1530 та хонадоннинг сувга бўлган талаби таъминланди. Бунинг учун кенгаш ҳисобидан 380 миллион сўм ажратилди ва қудуқларнинг 70 фоизи субсидия асосида қуриб берилди.
Мисол учун, Ғиждувон туманида қазилган 28 та артезиан қудуқ 840 та хонадон томорқасига сув етказиб беришни яхшилади. Камида 50 та аҳоли хонадонининг томорқа ерларини суғориш учун артезиан қудуқлари қазилганда 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплаш борасидаги таклиф эса кўплаб томорқачилар ва деҳқонларга манзур бўлмоқда.
Ғиждувон тумани “Тахтахон” маҳалласида яшаётган Шаҳриддин Жабборов бундай имкониятдан тўғри фойдаланди. Натижада бурғуланган қудуқдан 40 дан ортиқ хонадон томорқасини сув билан таъминлаш даражаси яхшиланди.
Аслида ҳам ушбу тармоқда яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёзлар қишлоқ хўжалигида экин майдонларидан самарали фойдаланиш, бир йилда камида икки маротаба ҳосил етиштириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш ҳамда қудуқлар қазишдаги ортиқча харажат ва оворагарчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, ЎзА