“Артель” компанияси ҳамда Молия институти раҳбарияти ўртасида учрашув бўлди.
Икки томонлама келишув борасида “Артель” компанияси раисининг молиявий ишлар бўйича ўринбосари Бектемир Муродов, институт ректори Тўлқин Тешабоев ҳамда профессор-ўқитувчилар ўз таклифларини айтди.
“Артель” компанияси ҳамда Молия институти ўртасида келишув меморандуми имзоланди.
– Ушбу меморандум доирасида институт раҳбарияти билан бир неча марта суҳбат олиб бордик,–деди Бектемир Муродов.– Талабалар учун қулай амалиёт жойини яратиш, уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, бандлигини таъминлаш борасида келишиб олинди. Ўйлаймизки, ушбу меморандум келгусида ҳамкорлигимизни мустаҳкамловчи кўприк вазифасини бажаради. “Артель” компанияси доимо илмли, керакли кадрларга эшигини очишга тайёр. Тез орада Молия институти талабалари билан ҳамкасб бўлиб, елкама-елка ишлаймиз, деган умиддаман.
Меморандумнинг асосий мақсади таълим, фан соҳасида ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш, амалиётни ташкил этишга қаратилган профессионал таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва битирувчиларни иш билан таъминлашдир.
Меморандумда “Артель” компанияси томонидан институт талабаларининг амалиёти учун зарур шарт-шароитларни яратиш, қўшма тадбирларни ташкил этиш бўйича ҳомийлик ёрдамини кўрсатиш, тегишли илмий-тадқиқот тадбирларини ўтказишда молиялаштиришга ёрдам бериш, институтнинг моддий-техник, ахборот-ресурс базаларини ривожлантириш ва янгилашга кўмаклашиш назарда тутилмоқда.
“Артель” компанияси аввалроқ Кореянинг етакчи университетларидан бири Аджу университети билан англашув меморандумини имзолаган эди. Эндиликда Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети билан ҳам ана шундай муҳим ҳужжатни имзолаш режалаштирилмоқда.
Д. Маматова, ЎзА