Бухоронинг рамзига айланган, улуғвор Арслонхон минораси – Минораи Калон асрлар давомида сайёҳлару тарихчиларни ўзига мафтун этиб келади. Унинг мукаммал меъморий ечими, бетакрор нақшлари ва муҳандислик даҳоси ҳақида кўп ёзилган.
Бироқ, кўп асрлар давомида бу ноёб обидани бунёд этган буюк меъморнинг номи тарих қоронғулигида қолиб келди. Унинг кимлиги ҳақидаги саволга жавоб эса, ажабланарлиси, айнан миноранинг ўзида, унинг безаклари орасида яширинган эди.
Ҳаммаси XII аср бошларида, Қорахонийлар ҳукмдори Арслонхон Бухорода улкан масжид ва унинг ёнида мисли кўрилмаган минора қуришни буюрганда бошланган. Замондошларининг гувоҳлик беришича, меъморнинг маҳорати билан қурилган илк минора шу қадар гўзал бўлганки, “унга ўхшаши ҳеч қаерда йўқ эди”. Аммо, тарихчиларнинг ёзишича, қурилишдаги хато туфайли бу иншоот тез орада қулаб тушиб, ёнидаги масжидни ҳам вайрон қилади.
Бироқ бу муваффақиятсизлик Арслонхонни тўхтатиб қололмади. У янада мустаҳкамроқ ва кўркамроқ минора қуришга фармон берди. Бу сафар ишга жалб қилинган меъмор ўз хатосидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, иншоот пойдеворини янада мустаҳкамлаб, қурилишда асосан пишиқ ғиштдан фойдаланди. Натижада бугун биз кўриб турган, қарийб тўққиз асрдирки ҳар қандай зилзилаю табиий офатларга дош бериб келаётган муҳташам Арслонхон минораси қад ростлади. Лекин бу даҳо меъмор ким эди?
Меъморчилик тарихини тадқиқ этган олим П.Ш.Зоҳидовнинг ёзишича, бу саволнинг жавоби минорадаги куфий ёзувларини чуқур ўрганиш натижасида топилган. Обиданинг юқори қисмидаги безак камарида, асосий ёзувлардан алоҳида ажралиб турадиган кичик лавҳага диққат қилинганда, унда “амал-е Бақо” сўзлари битилгани аниқланди. Бу жумла “Бақонинг иши” ёки “Бақо томонидан яратилган” деган маънони англатиб, ўрта асрлар Туронида ҳунарманд ва меъморлар ўз асарларига қўядиган ўзига хос “имзо” ҳисобланган. Шу тариқа, асрлар давомида номи номаълум бўлиб келган буюк меъмор – Устод Бақо эканлиги маълум бўлган. Бу янгилик Арслонхон минорасини шунчаки тарихий обидадан Устод Бақонинг ижод маҳсулига айлантирди.
Қизиқарлиси, меъморнинг маҳорати нафақат мукаммал муҳандисликда, балки кичик камчиликларни ҳам санъат асарига айлантира олишда намоён бўлади. Тарихчиларнинг қайд этишича, минорадаги ёзувлардан бирини битишда меъмор ҳарфлар орасидаги масофани мўлжаллашда бироз адашган ва сўнгги ҳарфлар сиғмай қолган. Устод Бақо каллиграфик безаклар орасига қўшимча киритма жойлаштириб, қолган ҳарфларни шу қадар моҳирлик билан жойлаштирганки, бу хато эмас, балки безакнинг бир қисмидек туюлади. Бу кичик деталь Устод Бақонинг нафақат буюк муҳандис, балки юксак дидли ва топқир санъаткор бўлганидан далолат беради.
Шундай қилиб, Арслонхон минораси – Минораи Калон нафақат бир ҳукмдорнинг улуғвор нияти, балки ўз ишига меҳрини ва имзосини қолдирган буюк меъмор – Устод Бақонинг ўлмас ижоди намунасидир. Унинг номи тарих саҳифаларидан ўрин олиши, бизга аждодларимиз меросини янада чуқурроқ англаш, ҳар бир ғишти ортида инсон тақдири, даҳоси ва меҳнати ётганини ҳис қилиш имконини беради. Устод Бақонинг минорага қўйган “имзоси” асрлар оша унинг номини тарихга муҳрлаб, Бухоро меъморчилик мактабининг шон-шуҳратини бутун дунёга тараннум этиб турибди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА