Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ва тиббий ниқоб тақмаган шахслар масжидга қўйилмайди
17:42 / 2020-06-08

Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ жорий йил 8 июндан эътиборан Наманган вилоятидаги яшил ҳудудларда ҳам масжидлар ўз фаолиятини бошлади.


Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ жорий йил 8 июндан эътиборан Наманган вилоятидаги яшил ҳудудларда ҳам масжидлар ўз фаолиятини бошлади.

Бир кун аввал Янгиқўрғон туманидаги «Бешбулоқ» жомеъ масжидида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, санитария эпидемиология муассасалари вакиллари, шаҳар ва туманлар имом-хатиблари, жомеъ масжидлари имомлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва бошқа тегишли мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Алойдинов, вилоят бош имом-хатиби А.Турсунов ва масъул шахслар томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан карантин шароитида масжидларда жамоавий намозларни ўқиш бўйича тавсиялари асосидаги тартиб-қоидалари кўргазмали тарзда тушунтирилди.

Мазкур ҳужжатга кўра, масжидларда кунлик беш вақт фарз намозлари ижтимоий масофаланиш сақланган, фуқаролар орасидаги масофа 1,5-2 метр этиб белгиланган ҳолда адо этилишига рухсат берилади. Намозгоҳларда бундай жойлашув тартиби махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратиб белгилаб қўйилди. Масжидларга киришда дезинфекцияловчи қурилмалар, тана ҳароратини ўлчаб ўтказиш чоралари кўрилди. Ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ва тиббий ниқоб тақмаган шахслар қўйилмайди. Масжидларга кириш ва чиқиш жойларида одамлар тўпланиши, савдо-сотиқ билан шуғулланиш, ҳадя ва совғалар тарқатилиши ҳам қатъиян ман этилади. Мазкур талабларнинг бажарилиши тиббиёт ва СEОМ ходимлари томонидан назорат қилинади.

Вилоятдаги «Яшил ҳудуд» тоифасига ўтказилган Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Косонсой, Поп, Наманган, Чортоқ, Чуст ва Учқўрғон туманларида жами 119 та масжид фаолияти тикланди.

«Қизил ҳудуд» тоифасида турган Наманган шаҳри, Тўрақўрғон ва Уйчи туманлари, «Сариқ ҳудуд» ҳисобланган Норин туманида эса масжидлар очилишига ҳозирча рухсат берилгани йўқ.