French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ҚАРОР ИЖРОСИ: 68 турдаги маҳсулот экспорти учун транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини агентлик қоплаб беради
17:51 / 2020-05-16

Ўзбекистонда амалга оширилаётган фаол ташқи иқтисодий сиёсат натижасида экспорт таркибида тайёр маҳсулот улушининг кўпайиши ва янги хорижий бозорларнинг ўзлаштирилишига эришилмоқда.


Ўзбекистонда амалга оширилаётган фаол ташқи иқтисодий сиёсат натижасида экспорт таркибида тайёр маҳсулот улушининг кўпайиши ва янги хорижий бозорларнинг ўзлаштирилишига эришилмоқда.

Давлат томонидан экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган механизмлардан бири – бу Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги ташкил этилгани ва тадбиркорларга экспорт фаолиятини ривожлантириш учун бир қанча молиявий кўмаклар бериш жорий қилинганидир.

Мисол учун, 2019 йилдан буён 52 турдаги маҳсулотни темир йўл транспорти орқали экспорт қилишда ташиш харажатларининг 50 фоизигача қисмини Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб бериш тизими мавжуд.

Жаҳон бозорларида рақобат кескинлашиб бораётган бугунги шароитда анъанавий бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаш ва янги бозорларга кириб бориш орқали экспорт ҳажмини ошириш учун тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш зарурати юзага келди. Айниқса, жаҳонда кенг тарқалган коронавирус пандемияси оқибатлари натижасида кутилаётган глобал иқтисодий инқироз шароитида давлат томонидан тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳар жиҳатдан муҳим саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши экспортчи корхоналарни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришларнинг мантиқий давоми бўлди. 

Мазкур ҳужжатда экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун бир қатор енгиллик ва имтиёзлар белгилаб берилган.

Қарор экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифаларни ўзида ифода этган.

Бу қарор экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга нима беради?

Биринчидан, маҳаллий экспорт қилувчи тадбиркорларга 68 турдаги маҳсулот экспорти учун транспорт харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади. 

Иккинчидан, экспорт қилувчилар гаров сифатида суғурта хизматларидан фойдаланганда суғурта мукофотини қоплашга Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан компенсация тақдим этилади.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан экспорт операциялари бўйича олиб ўтилаётган товарларнинг божхона расмийлаштирувини амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан жорий қилинган барча турдаги мажбурий тўловлар ва ижро ҳужжатлари бўйича қарздорлигини текшириш амалиёти 2021 йил 1 январгача бекор қилинди.

Мухтасар айтганда, ушбу қарорнинг ижроси маҳаллий тадбиркорлар томонидан экспорт қилинаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш орқали анъанавий бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлаш ҳамда янги бозорларга жадал кириб боришига туртки бўлади. 

Зафар ТУРДИЕВ, 
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги
бош мутахассиси.