Қарор қабул қилинди, мутахассислар ишни қандай юритиши керак?
Бухгалтернинг хоҳиш истагига кўра, коридорнинг хоҳлаган бурчагидан юрса бўлади, муҳими қилган қарорини керакли жойда тасдиқлаб ҳимоя қила олса бўлгани.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтишни жадаллаштириш, хорижий инвесторларни зарур ахборот муҳити билан таъминлаш, халқаро молия бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш, ҳисоб ва аудит соҳалари мутахассисларини халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида Президентимиз жорий йил 24 февралда “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Молиявий ҳисоботни халқаро стандартларга ўтиши учун биринчи навбатда, керакли тоифадаги ходимларни тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Маълумки, Ўзбекистон янги қадам билан халқаро стандартларига жадал ўтишни бошлади, лекин бу бир ёки икки йилда якунланадиган жараён эмас, шунингдек, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бу бир давлат фойдасига ўйлаб топилган стандарт эмас, балки бу давлатлараро маълумот алмашиш айнан молиявий маълумот алмашиш тили, десак ҳам бўлади, чунки ҳар бир давлатнинг ўзини миллий стандарти мавжуд ва айнан шу миллий стандартлар давлатнинг минтақавий жойлашувидан келиб чиқиб унинг ривожланиш тенденциясидан келиб чиқиб унинг солиқ тизимига таянган ҳолда ишлаб чиқилади.
Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари кўплаб давлатлар миллий стандартлари асосида универсал қоида яратиш орқали ишлаб чиқилган. Бунда асосан кўпгина давлатлар стандартидан келиб чиқиб коридор яратилган. Яъни молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари бизга йўналиш беради ва бухгалтернинг профессионал қароридан келиб чиқиб хоҳласа шу тақдим этилган йўлнинг бу четидан ёки у четидан хоҳласа ўртасидан юрса бўлади.
Муҳими, шу йўналиш ва йўлдан чиқиб кетмаслиги шарт. Ўзбекистоннинг миллий бухгалтерия стандарти бизга шу кунгача чизиқ тақдим этган ва шу чизилган чизиқдан четга чиқиш мумкин эмаслиги белгиланган. Янги Солиқ кодексининг яратилиши, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўхшаб коридор тақдим этди. Бухгалтернинг хоҳиш истагига кўра, коридорнинг хоҳлаган бурчагидан юрса бўлади, муҳими қилган қарорини керакли жойда тасдиқлаб ҳимоя қила олса бўлгани.
Бу турдаги Солиқ кодекси асосан бухгалтерларнинг фикрлаш доирасини оширишга кўмак беради. Бунда ўз ўзидан келиб чиқадики, бухгалтерларимиз ўзлари билмаган ҳолда Халқаро стандартлар талабига жавоб бера бошлайди, кейинги босқич эса молиявий ҳисоботларни халқаро стандартларда тайёрлашни ўрганиш қолади. Бунинг учун ҳозирги кунда кўпгина корхоналар ташқи кучдан (оутсорсдан) фойдаланиб молиявий ҳисоботларини халқаро стандартлар асосида тайёрлашяпти. Лекин корхона бухгалтерларининг билим даражаси етарли бўлмаганлиги сабабли шу тайёрланган ҳисоботлар қанчалик тўғри ёки нотўғри тузилганини текшира олишмаяпти. Бу ўз-ўзидан айтиб турибдики, ҳар бир корхона ўз мутахассисининг билим даражасини ошириши керак. Шу тариқа оутсорс билан шуғулланган (тайёрланган) молиявий ҳисоботининг халқаро стандартлари асосида тайёрланган ҳисоботлар етарли даражада тайёрланмагани келаётган халқаро даражадаги инвесторларни қайтиб кетишига сабаб бўляпти. Шунинг учун энг аввало малакали мутахассисларни тайёрлаш керак, ва бир пайтлар солиқ маслаҳатчиси деган миллий сертификация яратилганидек АCCАга ўхшаган миллий стандарт яратилиши керак деб ҳисоблайман. Айнан шу миллий сертификатни олиш учун давлат даражасида АCCА имтиҳонларини ўзбек ёки рус тилида ўргатишни йўлга қўйиш зарур. Давлат даражасида қилинсагина АCCА буни тан олади ва келгусида айнан шу миллий сертификатни олганлар тўғридан тўғри АCCАни ола олишади ва Ўзбекистоннинг халқаро бозордаги даражаси ошади ва инвесторлар кириб келишни бошлайди.
Шундай қилиб бу қарор қабул қилингани мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш, ва жадал ривожланишга хизмат қилади.
Абдураҳим ТЎРАЕВ,
Тошкент молия институти доценти