Жиззах вилоятининг барча шаҳар ва туманларида янги йил байрами арафасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга меҳр, хайр-саховат кўрсатиш, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзиш, уларни қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг жорий йил 25 майдаги “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Арнасой туманида ҳам бир қатор хайрли ишлар бажарилмоқда.
Жумладан, “Вақф хайрия жамоат фонди” томонидан Арнасой туманида кўмир маҳсулотига эҳтиёжи бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож 18 нафар оиланинг рўйхати шакллантирилиб, эҳтиёжи бўлган ҳар бир оилага 200 килограммдан кўмир тарқатилгани, бугунги совуқ кунларда улар учун байрам туҳфаси бўлди.
Арнасой туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳузуридаги “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан 10 нафар фуқарога 25 миллион сўм миқдорида пул маблағлари ажратилиб, фуқароларнинг уй-жойи таъмири учун қурилиш материаллари, даволаниш учун тиббий дори-дармонлар олиб берилди.
Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Феруза Солиева, вилоят хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулнора Нормуродова, туман мактабгача таълими бўлими мудири Шоҳрух Зулфиқоров ва бошқалар биргаликда тумандаги “Тинчлик” МФЙда қийналган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга байрам совғаси сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА