Жиззах вилояти Арнасой туманида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, экин турларини кўпайтириш ва бозор талабига мос маҳсулотлар етиштириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жорий йил сентябрь ойи охирида туманда фаолият юритаётган “Жиззах Олтин Бошоқлари Технологиялари” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Олтин водий” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида хорижий инвестиция асосида плёнка остида тўқсонбости экинлари – саримсоқпиёз етиштириш ишлари бошланган эди. Хитойлик мутахассислар ҳамкорлигидаги ушбу лойиҳа 10 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда.

Айни пайтда саримсоқпиёз майсалари барқарор ўсиб, яхши ривожланмоқда. Мутахассислар фикрича, ушбу экин ҳудуд иқлимига мос бўлиб, қисқа муддатда юқори ҳосил беради.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад – туманда экин турларини диверсификация қилиш, бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотларни етиштириш, ички бозорни сифатли маҳсулот билан таъминлаш ва экспорт салоҳиятини оширишдан иборат. Шунингдек, лойиҳа доирасида янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги ва даромади ошишига ҳам хизмат қилмоқда.

Айни кунда 10 нафар доимий ва 40 нафар мавсумий ишчи дала ишлари билан банд. Келгусида экин майдонларини кенгайтириш ва фуқаролар бандлигини ошириш режалаштирилган.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА