Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида олиб борилаётган янгиланиш ва тараққиёт жараёнлари нафaқат шаҳарлар, балки қишлоқ ва олис ҳудудларга ҳам кириб бораётгани барча соҳаларда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ўзининг ёрқин самарасини бераётганидан далолат беради.
Жиззах вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бўлган Арнасой туманида ҳам қурилиш ва инфратузилмани янгилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, Айдар – Арнасой кўллар тизимидаги “Айдаркўл тиббиёт маркази” ҳамда замонавий “Меҳмонхона” мажмуасининг барпо этилиши ушбу ҳудуднинг иқтисодий ва туризм салоҳиятини янада оширишга, янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.

Айни пайтда, ушбу объектларнинг қурилиш майдонларига 100 га яқин турли хил махсус техника воситалари жалб қилинган бўлиб, 250 нафар маҳаллий аҳоли архитектура ва қурилиш ишлари билан банд. Бу ўз навбатида, нафақат лойиҳанинг ижобий ижтимоий таъсирини, балки аҳоли бандлигини таъминлашдаги ўрни муҳимлигидан далолат беради.
Айдар – Арнасой кўллар тизими соҳилида янгидан қурилаётган меҳмонхона мажмуаси жорий йилнинг август ойида тўлиқ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Меҳмонхона замонавий қулайликларга эга бўлиб, сайёҳлар учун барча шарт-шароитлар яратилиши кўзда тутилган.

“Айдаркўл тиббиёт маркази” эса фуқароларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга, табиий шифобахш балчиқ билан даволаниш ва қолаверса соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган хизматлар кўрсатиш учун ихтисослашиши режалаштирилган.
Мазкур табиий кўл атрофидаги бу каби қурилиш ишлари нафақат инфратузилмавий ўзгариш, балки инсон ва табиат уйғунлигини таъминлаш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш орқали минтақанинг иқтисодий тараққиётига хизмат қилади. Бу эса ҳудудда ички ва ташқи туризм ривожланишида муҳим аҳамият касб этади.

Тумандаги “Бахтли” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Наврўз аҳоли яшаш пунктида бошланган аэродром қурилиши Арнасойнинг тараққиёт пиллапоясидан дадил одимлаётганидан далолат беради. Айдар-Арнасой кўли атрофида жойлашган, умумий майдони 45 гектарни ташкил этувчи ушбу аэродром нафақат инфратузилма ривожига, балки бутун минтақа иқтисодиёти ва туризм салоҳиятининг юксалишига ижобий таъсир кўрсатади.
Қурилаётган аэродромнинг учиш-қўниш йўлаклари замонавий АТР 72-600 турдаги ҳаво кемалари учун мўлжалланган бўлиб, бир кеча кундузда иккита рейсни қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Арнасойда амалга оширилаётган ана шундай муҳим лойиҳа нафақат ҳудуддаги транспорт алоқаларини яхшилайди, балки инвесторлар, сайёҳлар ва тадбиркорлар учун янада қулай ва ишончли муҳит яратади. Энди Арнасойга келиш учун йўллар узоқ ва мураккаб бўлмайди. Ҳаво йўли орқали кўл атрофидаги гўзал табиат, ажойиб ва замонавий санаторий ва меҳмонхоналарга етиб бориш нафақат тез, балки хавфсиз ва замонавий тарзда амалга ошади.
– Жиззах воҳасининг энг чекка, чўл туманида аэродром қуриш, бу шунчаки учиш-қўниш майдончаси эмас. Бу – Арнасойнинг янги саҳифаси, унинг логистика қуввати, савдо йўллари ва сайёҳлик потенциали учун очилаётган кенг эшикдир, – дейди туман ҳокими Одил Мусанов. – Аэродром қурилиши арнасойлик ёшлар учун янги, даромадли ва доимий иш ўринлари, аҳолимиз учун иқтисодий барқарорлик ва келажакка ишонч манбаи ҳисобланади.
Айни пайтда қурилиш ишлари жадал давом этмоқда. Арнасой энди нафақат кўли билан, балки ҳаво йўллари орқали ҳам дунёга танилади.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари